Get Mystery Box with random crypto!

ҚАДР КЕЧАСИ ҚАНДАЙ КЕЧА ЭКАНИНИ БИЛАСИЗМИ? Бу кеча — Қуръон | Muslim.uz

ҚАДР КЕЧАСИ ҚАНДАЙ КЕЧА ЭКАНИНИ БИЛАСИЗМИ?

Бу кеча — Қуръони карим нозил этила бошлаган. "Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик" (Қадр сураси, 1-оят).

Бу кеча — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.

Бу кеча"...минг ойдан яхшироқдир" (Қадр сураси, 3-оят).

Бу кеча — қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.

Бу кеча — фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.

Бу кеча — ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) деганлар.

Бу кеча — Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.

Бу кеча — иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.

Бу кечада — қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. "У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 5-оят).

Бу кеча — ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: "Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний".
Маъноси: "Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин" (Имом Термизий ривояти).

Бу кечада — қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тенг. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар", деганлар (Имом Термизий ривояти).

Бу кеча — гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.

Бу кеча — барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#qadr #duo #ramazon
MUSLIM.UZ GA OBUNA BO'LING VA ULASHING

YouTube | Instagram | Facebook