Get Mystery Box with random crypto!

​Исро кечаси Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни | Muslim.uz

​Исро кечаси Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Макка шаҳридан Қуддусга – Ақсо масжидига сайр эттирди. Бу ҳақида: “Ўз бандасини тунда Масжиди Ҳаромдан атрофини баракотли қилиб қўйганимиз Масжиди Ақсога оятларимизни унга кўрсатиш учун сайр эттирган Зот (ўзига нолойиқ сифатлардан) покдир” (Исро, 1).

Исро кечаси Набий алайҳиссалом Маккадаги Масжиди Ҳаромдан чиқиб, фаришта Жаброил алайҳиссалом билан Қуддус шаҳрига бордилар. Масжиди Ақсода барча пайғамбарларга имомлик қилиб намоз ўқиб бердилар.

Демак, Масжидул Ақсо Ислом динининг шиор маконларидан бири, икки қибланинг биринчиси, учта асосий масжидлар сирасидан, мусулмонларга тегишли муборак маскан. Ўз навбатида ушбу минтақада бошқа дин вакиллари учун ҳам табаррук ҳисобланган зиёратгоҳлар мавжуд. Шундай экан минтақада зўравонлик, жабру ситамга чек қўйилиши ҳамда бундан буён шафқатсизлик ва қон тўкилишига йўл қўймаслик жуда ҳам муҳим ҳисобланади.

Зеро, Ислом дини инсонларга озор беришдан қайтаради. Нафақат инсон зотига, балки, чумолига ҳам озор бериш, ҳаттоки, азият берувчи бирор сўз айтишдан ҳам қайтаради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблайди. Айни вақтда, мўмин-мусулмонларни мавжуд воқеликни Қуддусдаги вазият билан боғлаган ҳолда ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз.

Таъкидлаш жоизки, Шарқий Қуддусдаги нотинч вазият барчамизнинг дилларимизни оғритди, руҳониятимизни маҳзун қилди. Бундай пайтларда мўминнинг мўминдаги ҳаққи дуо қилишдир. Зеро, дуо нажот ва қалқондир. Яратган Парвардигордан илтижо қилиб сўраймизки, бутун дунё, хусусан мусулмон оламида тинчлик ва офиятни барқарор этсин, Ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларга омонлик, нусрат ва қалбларига сакинат ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

№2
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar