Get Mystery Box with random crypto!

​​ТДТУ талаба қизлари билан учрашув бўлиб ўтди 2021 йил 10 де | Muslimaat.uz

​​ТДТУ талаба қизлари билан учрашув бўлиб ўтди

2021 йил 10 декабрь куни Тошкент Давлат Транспорт Университетида muslimaat.uz сайти ва Bintu Sodiq каналлари раҳбари, устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ билан университет устозлари ва талаба қизлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувни Тошкент Давлат Транспорт Университети инглиз тили ўқитувчиси Барно Буртабоева кириш сўзи билан очиб берди. Иштирокчиларнинг илтимосларига кўра, устозамиз сўзларини падари бузрукворлари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақларидаги гўзал хотиралар билан бошлади. Ҳазратнинг оиладаги ўрни, фарзандлар камолотидаги таълим-тарбияси, гўзал ўрнаклари ҳақида ҳикоя қилиб бердилар. Сўнгра Исломда гендер масалалари, динимизда аёлларнинг ўрни, кийиниш маданияти, вақтни тўғри тақсимлаш каби мавзулар ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. Устозалар ва талабалар томонидан берилган турли саволларга устозамиз жавоб бердилар.
Тадбир университетнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси Ёқутхон Ҳакимованинг гўзал таассуротлари ва эътирофлари ила якун топди.
Дарҳақиқат, бугун опа-сингилларимиз ҳам диний, ҳам дунёвий илм соҳибаси бўлишга ҳаракат қилмоқдалар. Мана шундай тадбирларнинг ташкил этилиши ҳам бунинг яққол далилидир. Зеро, дунёвий илмларни Исломдан айириш динимизга бегона, умматимизга хос бўлмаган ҳолат. Ислом уммати шаръий илмларсиз ҳаёт кечиролмаганидек, дунёвий илмларсиз ҳам яшай олмайди.
Бугунги кунда мана шундай илмлар соҳибаси бўлиш иштиёқида таълим ва таҳсил олаётган барча опа-сингилларимизга Аллоҳ таолонинг ажру мукофоти ёзилсин!

Райҳона

T.me/muslimaatuz