Get Mystery Box with random crypto!

Туркистон миллий озодлиги учун ўрис-совет мустамлакачиларига қ | Musannif Adham

Туркистон миллий озодлиги учун ўрис-совет мустамлакачиларига қарши курашган ота-боболаримизни "босмачилар" деб жирканиб келган миллат бугун "толиблар"га жирканиб боқиши табиийдир.

Қалби ўзгариб, дунёқараши алмашиб кетган инсонлардан бундан бошқача муносабат кутилмайди.

Ёлғон-яшиқ ташвиқот ила мияларга муттасил қуйилган заҳар онгларни бузиб ташлагани аниқ.

1979 йили Афғонистонга Совет давлати бостириб кирди, аммо бу босқинчи ўзини "Байналмилал (Интернационал) кучлар" деб атади, ўз ватанини чет эл босқинчиларидан ҳимоя қилиб чиққан халқни "Душман (Духи)лар" деб эълон этди.

2003 йили АҚШ бошлиқ Иттифоқчи кучлар арпа унини баҳона қилиб мустақил Ироққа бостириб кирди. Бир ярим милён инсонни қириб юборган босқинчилар ўзини "Ироқ халқига озодлик ва демократия олиб кирувчи" деб атади, халқини ва ватанини бу босқинчилардан қутқариш учун курашган аҳолини бутун дунёга "террорчилар", "Ислом террорчилари" деб ёйди.

Худди шу Ғарб кучлари сўнгра арзимас баҳона ила Афғонистонга бостириб кирди. Ўн тўққиз йил бировнинг юртида хўжайинчилик қилди, юзминглаб тинч аҳолининг ёстиғини қуритди, аммо улар олижанобмиш-да, босқинчига қарши курашиб енгиб чиққан "Толибон" ҳаракати бошчилигидаги халқ "террорчи", "Ал-Қоида", "бинлодинчи"лар эмиш.

2022 йил 24 февралида Ўрисия куракда турмайдиган айбнома билан мустақил давлат бўлмиш Украинага бостириб кирди. Миллий озодлиги учун оёққа турган украин халқини "Миллатчи (натсист)лар", "бандерачилар" деб атади, ўзини "Қардош Украинани миллатчи унсурлардан тозаловчилар" демоқда...

Бунақа геббелсча ташвиқот (пропаганда) ҳамма замонда, ҳамма давлатда бор, аммо ачинарлиси, одамлар ишнинг ҳақиқатини кўра-билатуриб ёлғон ташвиқотга учаверади, учаверади. Сиёсий саводсиз омма алданса, унча ажабланарли эмас, бироқ бу каби ёлғонларга халқнинг онгли қисми, зиёлилар ҳам лаққа ишониб ўтирса, бу ҳол қўрқинчлидир.

Афғон халқи ўз ватани озодлиги учун курашда охирги юз йил ичида олдин Англияни, сўнгра "Совет иттифоқи" деб аталмиш Ўрисияни ва ниҳоят бугунда дунёнинг энг кучли давлати бўлмиш Америка ва унинг иттифоқчиларини енгди! Ватанидан шармандаларча қувиб чиқарди!

Ботир, қўрқмас ва ғолиб афғонларга ҳавас қилиш, улардан ибрат олиш ўрнига, уларни ёмонотлиқ қилишга, олабўжи этиб кўрсатишга уринишларимиз биз мусулмон халқ учун, кечагина мустақилликка эришган миллат учун уятдир!

Адолат қайси томонда эканини ажрата олмаган халқ қулликка маҳкумдир! Чунки унда мустақил зеҳният йўқ!