Get Mystery Box with random crypto!

Қашқадарёда бир йигит бозорда Ўзбекистон байроғи рангларидаги | Муҳрим

Қашқадарёда бир йигит бозорда Ўзбекистон байроғи рангларидаги “Битирувчи” тасмасини тақиб юрса, ўша ердаги бир мелиса уни тўхтатиб, бу кўринишда юриш давлат рамзларига ҳурматсизлик эканини айтган ва тасмани олиб ташлашни сўраган.

Қашқадарё мелисаси ахборотига кўра, “фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатган”. Шундан кейин уни мелисалар кўпчилик бўлиб олиб кетишган. Воқеанинг видеоси тарқалган (тарқалмаса, жонажонимиздаги навбатдаги расмий тентаклик бу қадар шов-шув бўлмасди – тарқатганларга ташаккур).

Бир жойда йигитга нисбатан маъмурий иш очилгани айтилганди, бошқа жойда жиноят иши қўзғатилгани ёзилганди. Ўша иш бўйича ҳозиргина прокуратура баёнот берди:

“5 май куни Қашқадарёнинг Қамаши туманида Ўзбекистон Давлат байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бош прокуратура аралашуви билан йигитга нисбатан қўлланилган ушбу ноқонуний қарор бекор қилиниши таъминланди”.

Шунда йигитга мелисага йўқ дегани учун эмас, қаршилик кўрсатгани учун эмас, айнан байроқли тасмани тақиб юргани учун иш очилганми? Мен - менимча, бошқалар ҳам - йигит қаршилик кўрсатгани учун иш очилган, деб ўйлаётгандим. Ишонгим келмаяпти, очиғи.

Лекин барибир мен бирор эринмаган банда одамларга ва яшил формани сотиб олган мелисаларга оддий одам тилида тушунтириб беришини сўрардим – мелиса кўчада кетаётган исталган одамга “ундай қилма, бундай қил” деса, унинг бу гапи қонуний талаб ўрнига ўтаверадими?

Мелисанинг “ундай қилма, бундай қил” деган гапига “йўқ” деган одам “ИИБ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган” деган баҳона билан олиб кетилавериши мумкинми? Қайси ҳолатда мелисанинг гапи талаб-у, қайси ҳолатда бир тийинга қиммат шовқин?

“ИИБ ходимининг қонуний талабига бўйсунмагани” учун қанчадан қанча одам шунчаки қамалиб кетяпти, жарималар тўлаяпти. Кимдир шуни тушунтирсине – одамларга ҳам, яшил формани сотиб олган ва ўзини ҳаммадан устун деб ўйлаётган мелисаларга ҳам.

Ўзбекистон байроғи билан фахрлангиси келиб, лекин бу иши учун пушаймон қилинган, давлатнинг ноқобил хизматчилари шарофати билан энди Ўзбекистон байроғидан нафратланишга ҳаққи бор йигитга ёрдам қўлини чўзиб, прокуратура яхши иш қилибди. Лекин, менинг назаримда, бу ишнинг ярми холос – ҳалиги йигитга ноқонуний талаб қўйган, унга нисбатан ноқонуний иш очган мелиса ходимларига ҳам қандайдир чора кўриладими?

Ҳеч бўлмаса “танбеҳ” берилсин – шунақа (камида номи) кулгили жазо чораси ҳам бор-ку мелисанерларнинг, ҳеч бўлмаса шундай қилинганини билайлик. Тавбасига сал бўлса-да таянсин “байроқни муҳофаза қилувчи” ходимлар.

Жойи келганда парламентга ҳам мурожаат қилиб қолайлик (ўликлар эшитмайдию, ҳай, чиқмаган жондан умид): сўз эркинлиги ҳимояси учун ҳаракат қилганингиз йўқ, матбуот эркинлиги ҳимояси учун туриб берганингиз йўқ, ҳатто ўз эркинликларинг ҳимояси учун ҳам ҳаракат қилганингиз йўқ, ҳеч бўлмаса шу байроқ эркинлиги – одамлар байроқдан бемалол фойдаланиши эркинлиги учун нимадир қилинглар, муҳимлиги носвойдан кам масала эмас бу ҳам, шу беш йиллик ўтиришингизда бир марта бўлса-да ўзингиздан ташаббус чиқариб оддий одамларга ҳам фойдаси тегадиган бир иш қилинглар, илтимос.