Get Mystery Box with random crypto!

ФИКРЛАР Ижтимоий тармоқда фаолият олиб бораётган, ўзини мазку | Mufrad.uz | Rasmiy kanal

ФИКРЛАР

Ижтимоий тармоқда фаолият олиб бораётган, ўзини мазкур тармоқ қироллариданман деб ўйлаб қолган ёки умуман фойдаланувчи сифатида кирадиган жуда кўпчиликнинг қарашларини ўқиб таҳлил қиламан гоҳида. Айримлар фақат танқидий пост қўйса, баъзилар ўзининг хурсандчилиги, хафалиги, унинг сабаблари ва кундалик ишлари ҳақида ёзади. Илмий постлар ҳам йўқ эмас, лекин жуда кам. (Мен ўзимнинг лентамда айланаётганларини айтяпман)

Юқорида санаб ўтилган хилма-хил постлар ичида маънолиги жуда ҳам кам. Постлардан илмсиз, илмий бир мавқифга (позицияга) эга бўлмаган енгилтак одамнинг сурати шундоққина кўриниб туради. Телефон сотувчиси катта-катта сиёсий масалаларни таҳлил қилиб ечим айтса, официант диний чуқур масалалар ҳақида баҳс қилаётган икки олим ўртасига тушиб олиб ҳакамлик қилади. Ўзини мустақил таҳлилчи деб эълон қилганлар эса ё ғарбнинг суви билан ўсган дарахтдек мевасини фақат ғарб томонга тақдим қилади, ёки бўлмасам, уларни мутлоқ ёмонлаб босқинчи баъзи тўдаларни ўзининг валийнеъмати қилиб кўрсатишга уринади. Бу камлик қилганидек баъзилари: "Ман таҳлилчиман, керак бўлса ҳар кун фикримни ўзгартиришим мумкин" дея кулгули гапни илмий кўрсатишга ҳаракат қилади. Афсуски, уларни жуда кўпчилик кузатувчилар ўқийди, улардан таъсирланади ва қўллаб қувватлашади.

Менинг бу гапларимни кўпчилик ўқимаслигини биламан. Лекин ўқийдиганлар учун ўз қарашимни очиқлаб, тўғри деб билганимни аниқ баён қилмоқчиман. Азизлар, инсоннинг дунёқараши, фикри унга берилган таълим ва у яшаган жамиятнинг урф-одатлари таъсирида шаклланади. Дунёда турли қарашлар, урф-одатлар, таълимнинг турли услуб ва йўналишлари, ҳамда, унинг ортида яширинган турли мақсадлар мавжуд. Ҳамма ўзининг фикрини, қарашини ҳақ деб талқин қилади. Аммо шуни билишимиз керакки, ҳақиқат битта, ҳақ битта. Уни аждодларимизнинг тарихи, динимиз, ўта катта тасир кучига эга бўлган миллий қадриятларимиздан излаб, чуқур ўрганишимиз керак.

Инсоннинг дунёга келиши, яшаши ва кетиши сабабларини, умуман дунёнинг ўзидаги ҳолатларни чуқур ўрганмасдан, бу масалалардаги саволларга жавоб топмасдан бирор фикр билдириш хато бўлади. Жамиятнинг муаммоларига ечим сифатида билдирилаётган фикрларни назарда тутяпман. «Ўзбекман» ёки «Мусулмонман» деган инсон, аввало мусулмонлик шахсиятини, характерини ўзида мужассам қилган ҳолда, ўз шахсиятидан келиб чиқиб шаклланган фикрга эга бўлиши керак. 45 фоизи ғарбдан, 30 фоизи ўзбеклардан, қолгани руслардан шаклланган фикрлар билан, ёки интернетда Ўзбекистондан бошқа жойнинг ютуқларини кўравериб ўз Ватани ҳақида нафрат ҳиссини пайдо қилган фикрлар билан одамларнинг бошини қотирмаслик керак.

Масалан, шу пайтгача сўз эркинлиги йўқлигини танқид қилган баъзилар, энди унинг борлигини танқид қилишади. Шу пайтгача икки оғиз сўзни ёзишдан ёки айтишдан чўчиганлар, энди Давлатни ҳам, диндорларни ҳам аямай гапиради, ёмонлайди ва буни ўз ҳуқуқи деб даъво қилади. Шунинг учун "Илмни кимдан олаётганингга эътибор бер" деб бекорга айтишмаган. Диний ва замонавий соҳаларда ҳам босиқлик билан соғлом фикр билдираётган, одамларни пала-партишликка эмас, балки, тўғри хулоса қилишга, баъзи вақтинчалик муаммоларга сабр қилишга чақираётган илмли устозлар борлигидан албатта хурсандмиз. Лекин улар ижтимоий тармоқда жуда камчиликни ташкил қилишади.

Маслаҳатни ёки бирор масалада фикрни айнан ўшандай устозларимиздан олишимиз керак. Баъзи гапларга "Динга алоқаси йўқ фикрлар" дея алданманг диндошим. Ҳар бир фикр ортида тўғри ёки нотўғри илм ва урф ётади.


#UlugbekBuxoriy

@mufrad_uz