Get Mystery Box with random crypto!

Қурбонлик қилган одам ундан ўзи ҳам ейиши ва ўзга бой ёки фақи | Mubaşşir Ahmad

Қурбонлик қилган одам ундан ўзи ҳам ейиши ва ўзга бой ёки фақирларга ҳам едириши жоиз.

Масалан, молингиз нисобга етган ва қурбон ҳайитида вожибликка кўра жонлиқ сўйдингиз. Мазкур жонлиқдан ўзингиз, аҳли оилангиз ва бошқалар ҳам ейиши мумкин бой ёки камбағаллигидан қатъи назар.

Қурбонликни тақсимлашда афзал ва суннатга мувофиқ бўлган йўл эса, уни уч қисмга бўлиш: бир қисмини ўзгаларга эҳсон ёки ҳадия қилиш, бир қисмини ёру дўст, қариндош-уруғдан иборат меҳмонларига пишириб бериш, бир қисмини эса ўз оиласи учун бошқа кунларга ғамлаб қўйиш.

Садақа ва эҳсон сифатида тарқатиладиган қисми учдан бирдан кам бўлмаслиги мақсадга мувофиқ ва мандуб (тарғиб қилинган) ишдир.

Агар қурбонликдан ҳеч нарсани тарқатмасдан ўзида олиб қолса ҳам жоиз. Бироқ, юқоридаги тартибда тарқатиб, меҳмонларга ҳам едириши афзал ва савобли ишдир.

Бола-чақаси кўп ва ўзи ҳам сердавлат бўлмаган, қўли юпқа инсон оиласига кенглик яратиш мақсадида унинг гўштидан садақа қилмаслиги мандубдир.

Қурбонликка сўйилган жонлиқнинг териси садақа қилиб юборилади ёки ўз уйида узоқ вақт ишлатиладиган шаклда масалан, кўрпача, меш ва ҳоказоларга айлантириб ишлатса бўлади.

Аммо, сотиб пулини ўзига ишлатмайди. Бордию сотса ҳам унинг пулини садақа қилади.

Иълоус Сунан соҳибининг айтишича, қурбонлик қилинган жонлиқнинг терисини юқоридаги каби узоқ вақт фойдаланиш мумкин бўлган нарсаларга айирбошлаб улардан фойдаланиш истеҳсон йўлига кўра жоиз. Аммо узоқ вақт фойдаланилмайдиган ва тезда йўқ бўлиб кетадиган пул ва таом каби нарсаларга айирбошлаб улардан фойдаланиш мумкин эмас. Бу ҳолатда айирбошланган нарса яъни пул ва ҳоказолар садақа қилиниши керак.

Қурбонлик гўштидан ёки терисини уни сўйган қассобга иш ҳақи сифатида бериш жоиз эмас, балки, кўнгилли равишда эҳсон ва ҳадия қилиш мумкин. Аммо, бу иш мазмунан унинг хизмат ҳақи каби тусга кирмаслиги лозим. Айрим қассобларнинг ҳар сўйган жонлиқдан маълум миқдорини ўзига хизмат ҳақи сифатида хослаб олиши ножоиз ва ҳаромдир. Балки, қассоб сўйиб беришим мана бунча пул бўлади, деб айтиши керак.

Фақир киши (яъни моли нисобга етмаган инсон) ўз мулкидаги қўйлардан бирини (яъни қурбонлик ниятида сотиб олмаган ҳолда) назр қилмаган ҳолда қурбонлик қилса, унинг гўштидан ейиши жоиз бўлади.

Бордию, қурбонлик ниятида сотиб олса, демак ўзига қурбонликни вожиб қилган бўлади ва бу иш назр кўринишини олади. Шу боис, унинг гўштидан ея олмайди.

Лекин, бу масалада мазҳабда икки хил қавл мавжуд бўлиб, иккинчисига кўра назр қилинган жонлиқ гўштидан ейиш жоиз.

Косоний (раҳимаҳуллоҳ) Бадоиъус Саноиъдан жонлиқ нафл ёки вожиб, назр қилинган ёки қилинмаган ҳолда сўйилишидан қатъи назар ейиш жоизлиги ҳанафий уламолар ижмо қилганини келтиради. Ушбу қавлга кўра моли нисобга етмаган одам қурбонлик ниятида жонлиқ сотиб олса ҳам унинг гўштидан ўзи ҳам ейиши жоиз бўлади.

Қурбонлик гўштидан ўзга дин вакилларига ҳам бериш ёки едириш жоиз.

Алишер Султонходжаев

@MubashshirAhmad