Get Mystery Box with random crypto!

Муҳрим Аъзамхўжаев ёзяптилар: Ҳукумат қарори билан ташкил эт | Mubaşşir Ahmad

Муҳрим Аъзамхўжаев ёзяптилар:

Ҳукумат қарори билан ташкил этилган бир нодавлат (!) нотижорат ташкилот вакили айтибдики, “биз ҳали [дрондан] фойдаланиш маданиятига тўла тайёр эмасмиз, деган нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳукумат [ўзбекистонликларнинг дронлардан эркин фойдаланувига] чекловларни киритган”. Эмишки, “масалан, биз ҳозир ҳаммага [дрондан фойдаланишга] рухсат бериб юборсак — бу қурилмалардан фойдаланиш маданияти ҳали биз тасаввур қилган даражада эмас — қўпол қилиб айтганда, одамлар бир-бирини уйида қилаётган ишларини ҳам дронлар орқали Фейсбук ёки бошқа тармоқларда эфирга қўйиб юбориши мумкин”.

Ҳа бу ўзбекистонликлар дронлардан ҳали тузук-қуруқ фойдаланиб кўрмаган бўлса, сиз маданиятлилар бутун ўзбекистонликларнинг дронлар масаласида маданиятсиз эканини қаердан била қолдинглар, деган қарши-савол берилибди, албатта. Ҳукумат қарори билан ташкил этилган ННТ вакили айтибдики, “Конституция билан белгиланган қонунчилик ташаббусига эга бўлган саккизта субъект бор, парламент ҳам ишлаб турибди. У ерда прогнозлаштириш, яъни олдиндан кўра билиш, деган масала ҳам бор. Масалан, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул, деган принципдан келиб чиқиб, мана шу масалалар тартибга солинади”.

Оббо, шоввозлар-эй! Прогнозлаштиришни биларкан-ей булар, прогноз қилганда ҳам “касални даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул” деб ҳаракат қиларкан-ей! Демак, ташқи қарз масаласида ҳам, бюджет тақчиллиги масаласида ҳам ва бошқа ҳар хил нозик масалаларда ҳам шундай “касалнинг олдини оладиган” прогнозлар қилиб қўйишгандир, хойнаҳой. Қойил, оббо, азаматлар-ей!

Лекин мен бизни яна бир бор маданиятсизга чиқаришганидан сал ранжидим. Эркин сайлов қилайлик дейилса – “одамларимиз ҳали тайёр эмас”, “шарқона” эмас, шу нормал демократия қилайлик энди дейилса – яна “одамларимиз ҳали тайёр эмас”, мана энди одамлар дронлардан бемалол фойдаланаверсин, ўрганиб тураверсин одамларимиз шу матоҳни ишлатишни ҳам, Худо сақласину, ахир бир кун фойдаси тегиб қолар дейилса – бу сафар ҳам “одамларимиз ҳали тайёр эмас”. Бу гаплар авваллари давлат амалдорлари томонидан айтиларди, энди нодавлат амалдорлар томонидан ҳам айтиляпти.

Бир нарсага ҳайрон қоламан-да – бу “касалнинг олдини олгучи” “маданиятли” давлат ва нодавлат амалдорлар қаердан келган? Ойдан тушганми ё Россиядан импорт қилинганми? Ҳаммаси ўзимизники, тоза маҳаллий “маҳсулот” шекилли? У ҳолда қандай қилиб “ҳеч қачон ҳеч нарсага тайёр бўлмаган” “маданиятсиз” ўзбекистонликлар орасидан бундай “маданиятли” амалдорлар чиққан?

Ҳеч шубҳа йўқки, ўзбекистонликлар демократияга ҳам, эркин сайловларга ҳам, шунингдек, дронлардан эркин фойдаланишга ҳам тайёр. Ўзбекистонликларни у ёки бу нарсага тайёр эмас деб у ёки бу чекловларни ёқлаётганларни, у ёки бу ислоҳотларни кечиктираётганлар – биринчидан, улар ўзбекистонликларни ёмон кўрса керак, иккинчидан эса, айнан улар ҳар қандай янгиликка, ислоҳотга тайёр эмас, айбни ўзбекистонликларга тўнкамасинлар.

PS. Нодавлат амалдорга раҳмат барибир, ҳукуматнинг дронлардан қўрқувига доир тахминий асосни овоз чиқариб айтиб бергани учун. Дрондан эркин фойдаланиш бошланса, ўзбекистонликлар бир-бирининг эмас, асосан гуруч ичидаги курмак бўлган порахўр, коррупционер амалдорларнинг уйлари, дала-ҳовлилари, ер-мулкларида бўлаётган ҳодисаларни тармоққа чиқаришни бошлайди. Худди Россияда Навальний жамоаси зиддиятли амалдорлар, бойларнинг тити-питини чиқариб ташлагани каби. Хавотир шундан.

@MubashshirAhmad