Get Mystery Box with random crypto!

#Тафаккур ЎЗИ ДУО ҚИЛАМИЗМИ? Гоҳида айримларнинг ёзғирганин | Mubaşşir Ahmad

#Тафаккур

ЎЗИ ДУО ҚИЛАМИЗМИ?

Гоҳида айримларнинг ёзғирганини эшитиб қоламиз: “Дуо қилаверамиз, бирортасининг қабулини кўрмадик!” Ахир, қонун-қоидасига мувофиқ ёзилмаган биргина ариза ҳам қабул қилинмас экан, шартларига риоя этилмаган дуо қандай ижобат бўлсин?!

Оддий бандадан бирор нарса сўрашнинг ўзига хос йўли, одоби мавжуд бўлгани ҳолда, оламлар Парвардигоридан сўрашнинг одоби бўлмасинми?

Дуо, таъбир жоиз бўлса, Аллоҳ таоло ҳузурига юборилган арзнома.

Дуо – инсоннинг ўз ожизлигини эътироф этиши.

Дуо – одамнинг ўз-ўзига етарли эмаслигини билиши.

Дуо – банданинг борлиғи битта юракка айланиб, илоҳий Даргоҳга юкуниши.

Дуо бор кучини, бутун имкониятини ишга солиб ҳам мақсадига етолмаган одамнинг Парвардигоридан мадад сўраб қилган нидосидир.

Аксарият одамларнинг дуолари худди мактубсиз хатжилдга ўхшайди. Жилди бору, ичида хат йўқ. Буни бошқачасига ифодаласак, жасад бору, руҳ йўқ, пўсти бору, мағзи йўқ, ниқоб бору, юз йўқ.

Ёшланмаган кўз, қизармаган юз, ҳис қилинмаган минг бир сўз билан қилинган дуолар қандай ҳам юксалсин ҳузури Илоҳийга?

Ёнмайдиган, сирқирамайдиган, соғинмайдиган, инграмайдиган, ҳис қилмайдиган юракнинг фарёди бўладими ўзи?
Тош қотган қалблар ДУОдек улуғ мурожаатномани қайси куч билан манзилига элтадилар?

Овозини ўз эгасига ҳам эшиттира олмайдиган, ўзи ҳам соҳибининг сасини эшитишдан ожиз бўлган юрак юксакларни ларзага солиб қандай ҳайқира олади?

Буни тушунган одам, бола онасидан бир нимани қатъий туриб олиб сўраганидек, қатъият билан дуо қилади. Илоҳий Даргоҳ остонасига бош қўйиб, худди “Фотиҳа” сурасини ҳар куни ўнлаб марта ўқигани каби қайта-қайта илтижо қилади...
Дуо бамисоли Аллоҳ таоло ҳузурига юборилган таклифномадир.

Унда таклифнома эгасининг манзили, макони бўлиши керакки, ижобат этувчи уни топсин. Бу манзил инсоннинг Яратган ҳузурида қоим туришидир. Ҳақ ҳузурида туриш қоидасини бузган ёки уни билмаган киши одамларни уйига таклиф қилиб, ўзи уйидан кетиб қолган масъулиятсиз кимсага ўхшайди. Унинг дуоси самимий эканига ким ҳам ишонарди?
Айтайлик, манзил ҳам топилди.

Энди даъватига жавоб берувчи ва инояти билан ижобат этувчи Аллоҳ таолога пешкаш қилгани юрак керак бўлади.

Ломакон (макони йўқ) Зотга юракдан бошқа назаргоҳ борми?
Ҳирсу ҳавас денгизига ғарқ бўлган, дунё матоларига муҳаббатни ўзига жо қилган юракка меҳмон бўлармикин У? Шоир айтганидек:

Сур, чиқар ағёри дилдан, Ҳақ тажаллий айласун,
Подшоҳ кирмас саройга хона маъмур ўлмаса.

Банданинг бардоши тугаган заҳоти Аллоҳ таоло ёрдамга етишади. Сиз кучингиз тугаган нуқтада эканингизга аминмисиз? Агар ҳали кучингиз бўлса, у тугагунича таваккулни тугал қилиб, ҳаракатда бўлинг, елиб-югуринг. Мадорингиз қолмай, иложингиз қуриган пайтда эса ҳеч кутмаган жойингиздан нажот эшикларини очувчи Эгамнинг қудратини томошо қилинг!

Тоиф сафаридан қайтишда Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг сўнгги умидлари ҳам пучга чиқиб, иложсиз қолганларида, гумроҳлар отган тошлардан покиза вужудлари қонга беланиб, ҳориб-чарчаб бир деворнинг панасига чўкдилар.

Ақлнинг чораси қолмаган пайтда, камситилган, ҳорғин ва ғамнок ҳолда муҳаббатуллоҳнинг мушфиқ бағрига ташладилар ўзларини.

Кейин муборак дудоқлардан шундай дуо отилиб чиқдики, у даргоҳи илоҳийга ўша заҳоти юксалди, пайғамбарлик даврнинг бурилиш нуқтаси бўлди бу дуо:

“Илоҳим! Мадорим тугаганини, чорасиз қолганимни ва одамлар орасида хор бўлганимни фақат Ўзингга арз қилурман...

Эй раҳмлиларнинг энг марҳаматлиси! Сен менинг Парвардигоримсан, эзилганларнинг мададкорисан. Мени кимларнинг ихтиёрига ташлаб қўйдинг? Менга ғаддорлик қилганлар қўлигами?..

...Майли, Сен мендан ғазабланмасанг бўлгани, бошқасига парво қилмайман. Аммо марҳаматингдан умидворман. Сенинг нурингга юкунаман, зулматларни ёритгувчи нурингга...

Келиши мукин бўлган азобинг, менга етишиш эҳтимоли бўлган қаҳрингдан қочиб қутулиш имкони бўлган бошпана қидирмоқдаман. Сенга сиғинаман, мендан рози бўлсанг, бас. Барча куч-қудрат Сендадир, ёлғиз Ўзингда!..” (Ибн Ҳишом, “Сийра”).

Содиқ НОСИР

@MubashshirAhmad