Get Mystery Box with random crypto!

Наполеон ва 'маърифатли' мустамлакачилик Франсия Ориентализм | Mubaşşir Ahmad

Наполеон ва "маърифатли" мустамлакачилик

Франсия Ориентализм кашшофларидан бири эди. 1795-йилда Парижда Шарқ тиллари мактаби ташкил қилинади. Бир неча йил ўтгач эса, Наполеон Мисрга боситириб кириши арафасида маҳаллий аҳоли ҳақида етарлича маълумотлар йиғиш мақсадида у махсус шарқшуносларнинг ёрдамига таянади. Наполеоннинг мақсади империянинг ҳам чет элда, ҳам мамлакатда эҳтиёжларини қондириш учун илмий марказлар ташкил етиб, улардан тизимли фойдаланиш бўлган. Маърифатпарвар мустамлакачиликнинг ушбу модели учта асосий жиҳатларга эга:

Биринчидан, тўсиқларни енгиш учун, босқиндан олдин яхшилаб тайёргарлик кўриш даркор. Иккинчидан, мустамлакачилик жараёнида аскарлар билан ишлаш учун олимлардан фойдаланиш зарур. Наполеон ўзи билан 160 га яқин олимни маъмурият ишлари, маҳаллий аҳолига франсуз тили сабоқлари бериш мақсадида Мисрга олиб келган. Учинчидан, мустамлакачи миллат ўзининг хатти-ҳаракатларини оқлаш учун уларга мантиқий асос ишлаб чиқиши керак.

Франсия ўзининг золим феодал бўйинтуруғини маҳаллий халқ бошига ташлаб, гўёки, уларнинг аввалги буюклик эътиқодларини тиклашни ўз миссияси қилиб олган. Бу "mission civilizatrice" ёки сивилизация миссияси деб номланган. Наполеон ушбу миссияга пухта тайёргарлик кўрди. Наполеон мисрликларнинг қалби ва онгини забт этишга қаттиқ бел боғлади.

Эй Миср халқи, сизларга биз сизнинг динингизни йўқ қилиш учун келганимизни айтишади, бунга ишонманг. Бу очиқ ойдин ёлғон. Мен сизнинг ҳаққингизни золимлар қўлидан қайтариб олиш учун олдингизга келдим ва мен мамлуклардан кўра Aллоҳга яхшироқ хизмат қиламан. Миллатингизга айтингки, франсузлар ҳам содиқ мусулмонлардир. Ҳақиқат шундаки, франсузлар ҳамиша мусулмонларга қарши урушга ундаб келган Папа саройига бостириб, уни вайрон қилганлар.

Ушбу манифестнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда Ислом мадҳ қилиниб, мусулмонлар эътибори қозонилган. Наполеон Ислом учун курашаётганини бот-бот таъкидлаган.

У ал-Aзҳардан олтмиш нафар мусулмон уламосини ўз қароргоҳига таклиф этиб, ўзининг Қуръон илмига ҳурмати билан уларни ҳайратда қолдирди. Наполеоннинг Қуръон ҳақида айтган ҳамма гаплари маҳаллий араб тилига ўгирилиб халққа етказилди. Шундай қилиб, ушбу стратегия иш берди: Қоҳира аҳолиси франсуз мустамлакачиларига ён берди.

Наполеон Мисрни тарк этгач, у ўзининг ўринбосарига Мисрни ўзи ишлаб чиққан модел бўйича бошқарилиши кераклиги ҳақида кўрсатма берди: сиёсатни амалга оширишдан олдин, ориенталистлар билан маслаҳатлашиш даркор, шунингдек, мусулмон олимлари билан ҳам маслаҳатлашиш зарур бўлади. Шунингдек у ўзининг кичик олимлар гуруҳига Миср ва унинг халқи ҳақида маълумот тўплашни буюрди. Хуллас, ушбу жамоа билимдон бўлинмага айланди. Наполеон топшириғи билан Мисрда Миср институтини ташкил этилди. Буларнинг натижаси ўлароқ 1809-1828-йилларда уч жилддан иборат "Миср тавсифи" тўплами нашр этилди. Улар Миср ҳақида ҳамма маълумотни ўз ичига олган. Aммо, ушбу билимлар омбори маҳаллий аҳолининг ҳиссасисиз ташкил этилган. Миср ҳақидаги бу манбалар Мисрнинг ўзига бўлган ҳиссини ва дунёдаги ўрнини франсуз мустамлакачи қарашлари фойдасига ўзгартирди. Бу маҳаллий халқ устидан ҳукмронликни осонлаштиришга ёрдам бериш учун яратилган эди.

Саиднинг таъкидлашича, Наполеондан сўнг Шарқчилик тамомила ўзгарди, Шарқ қайта яратилди, қайта ишлаб чиқилди, бир сўз билан айтганда, шарқшуносларнинг саъй ҳаракатлари билан у қайта туғилди. Шарқ энди ғалати, экзотик эмас, балки тушуниш ва назорат қилиш мумкин бўлган минтақа эди. Шарқий билимлар Шарқ халқлари сирларини очадиган калитга айланди.

"Исломофобия ва Империя сиёсати" китоби асосида, Дипа Кумар

Манба

http://t.me/MubashshirAhmad