Get Mystery Box with random crypto!

Россия телеканаллари ҳозир Путиннинг “Донецк халқ республикаси | Mubaşşir Ahmad

Россия телеканаллари ҳозир Путиннинг “Донецк халқ республикаси” ва “Луганск халқ республикаси”нинг Украинадан мустақиллигини тан олиш масаласида ўтказган Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишини кўрсатди. Варламовнинг ёзишича, гўёки жонли эфирда кўрсатилган йиғилиш аслида ёзиб олинган — оммага кўрсатилган ҳозирги томошада Россия бош вазири Мишустиндан сўнг Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин сўз олди, аммо оралиқ кадрларда Наришкиндан аввал минбардан Россия бош прокурори қайтаётгани кўриниб қолган, ваҳоланки бош прокурорнинг нутқи умуман кўрсатилгани йўқ. Ҳатто шу ерда ёлғон.

Нотиқларнинг сўзлари, “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олиш йўлида келтираётган важлари ҳам ёлғонлар устига қурилган, примитив. Айни вақтда қўрқинчли. Асосий мақсад — “рус дунёси”ни қай йўл билан бўлса-да ҳимоя қилиш, “Россия русийзабонларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар Россия ўлчовлари бўйича муносиб ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши учун шундай — ўзини қурбон қилиб, Россия ҳудудида яшаётган ўн миллионлаб россияликларни санкциялар бўҳронида қолдиришга-да тайёрлигини бутун рус дунёсига кўрсатиб, билдириб қўйиш”. Даъво қанча катта ва ёлғон бўлса, бу даъвода мантиқ ҳам шунча кам бўлади — “ДХР” ва “ЛХР”даги 4 миллион Россия назаридаги жабрдийда ҳимояси учун Россиядаги салкам 150 миллион халқ, иқтисодий жиҳатда унга боғланиб қолган қўшни мамлакатлардаги яна ўн миллионлаб одамлар манфаатлари қурбон қилинмоқда.

Айнан Сергей Наришкиннинг чиқиши қизиқ бўлди. Путиннинг “таклифингизни конкрет, оддий қилиб айтинг” деган кутилмаган саволидан довдираб қолган “контрразведкачи”: “‘ДХР’ ва ‘ЛХР’нинг Россия таркибига қабул қилишни қўллаб-қувватлайман”, деди. Путин бўлса ҳозир бу масала кўрилмаётганини эслатди. Кўрсатилган эфирда охирги бўлиб сўз олган Россия Миллий гвардиясининг кўча тилида гапирувчи раҳбари эса “ДХР” ва “ЛХР” масаласида нафақат уларнинг мустақиллигини тан олиш, балки янада илгарироқ юриш кераклигини таъкидлади. Шунинг ўзи ҳам Путин бошлиқ Россия элитаси “ДХР” ва “ЛХР” аҳолиси учун қанчалик “жон куйдираётгани”ни кўрсатиб турибди.

Бунақа томошалар, бунақа важлар 2008 йили Абхазия ва Жанубий Осетия билан, 2014 йили Қрим билан бўлган. Тарих ҳамма тегишли, керакли сабоқни чиқариши учун ҳеч замонда бу қадар тез такрорланмаган бўлса керак (Иккинчи Жаҳон уруши арафасидаги Гитлер Германиясининг ҳаракатлари ҳисобга олинмаса). Путин Россиясини, унга гўёки қарши чиқаётган қарши тарафдаги қудрат эгаларини инсофга чақиришдан наф йўқ — ҳамма фақат ва фақат ўзини, ўз манфаатларини ўйлайди.

Эҳтиётимизни қилайлик.