Get Mystery Box with random crypto!

'Гапирган ё қилган кишиларнинг кофир бўлиб қолишидан қўрқилади | Mubaşşir Ahmad

"Гапирган ё қилган кишиларнинг кофир бўлиб қолишидан қўрқиладиган ҳолатлар" бобида келяпти:

- Азон ва Қуръон қироати пайтида дунё аҳлининг гапини гапириш.

(Нашрга тайёрланаётган "Куфр ва такфир аҳкомлари" китобидан).

= = = = =

Аллоҳ Қуръони каримда: "Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз", дейди
("Аъроф" сураси, 204-оят. )

Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир*.

= = = = =

Қуръон ўқилаётган пайтда уни эшитиш, агар эшитмасликка шаръий узр бўлмаса, фарздир. Ҳанафий улармолар уни айний фарзми ё кифоий фарзми, дея ихтилоф қилишган. Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Асли Қуръонни эшитиш фарзи кифоя. Чунки ундан юз ўгириб, зое қилмаслик билан унинг ҳаққини қойим қилиш лозим. Бу ҳамманинг эмас, балки айримларнинг жим бўлиши билан ҳам ҳосил бўлади. Саломга алик олингани каби.

Ҳамавий ўз устозлари Минқорийзода номи билан машҳур қозиюл-қуззот Яҳёдан нақл қилишларича, у кишининг Қуръони каримни эшитиш фарзи айн эканини таҳқиқ қилган рисолалари бор. Тўғри, "Аъроф" сурасидаги оятда Аллоҳ "Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз", дейди. Ва бу оят намоз асносида гаплашиш жоизлигини насх қилиш учун нозил бўлган. Илло эътибор лафзнинг умумлигигадир, сабабнинг хослигига эмас. Оятнинг лафзи намозда ва бошқа ҳолда қироат қилишнинг ҳаммасига ом тегишлидир"**.

= = = = =

Биз мазкур масаланинг ўта муҳимлигидан бехабармиз ё бепарвомиз. Машинада Қуръон тиловатини қўйиб, шеригимиз билан гаплашиб кетаверамиз. Ёхуд масжидда тиловат бўлиб турган ҳолда ўрнимиздан туриб, чақчақлашиб юраверамиз. Қизиғи, Қуръон тугаб, дуо бошлангач, ўтириб, қўлимизни осмонга кўтарамиз. Ишимиз доим тескари.

_

*Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Тафисири Ҳилол"ларидан.
"Ҳошияту Ибн Обидийн", 1/366.

@MubashshirAhmad