Get Mystery Box with random crypto!

Тўрт йил олдинги мурожаатим. Ҳозир мурожаат ундан ҳам кучли аҳ | Mubaşşir Ahmad

Тўрт йил олдинги мурожаатим. Ҳозир мурожаат ундан ҳам кучли аҳамият касб этмоқда.

*******************"

Ассалому алайкум!
Кейинги йил, ой ва кунларда Фейсбукда бўлаётган нохуш ҳолат - мусулмонларнинг иккига бўлиниб олиб, бир-бирини айблаши, ҳақорат қилиши, фосиқ, мунофиқ, каззоб ва кофирга чиқариши кўпчилик яхшилар, солиҳлар ва аҳли илмлар қатори менинг ҳам жонимга тегди, чарчатди ва тушкунликка туширди.

Номусдан, аянчли аҳволимиздан ўлар бўлдим.
Аллоҳнинг инояти билан мамлакатимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар даврида, ҳар жабҳада Раббимиз бизни неъматлантираётган бу онларда, Ўзига шукр қилиб, динимиз равнақи учун куйиб-ёниш ўрнига, икки биродар ихтилофнинг бу чиркин чуқурига тушиб олиши кишини чуқур қайғуга солади.

Аллоҳ мўминларни сифатлаб:
"Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар", дейди. (Фатҳ сураси, 29-оят).

Демак мусулмон бир-бирига ўзаро раҳмли бўлиши керак экан. Аллоҳнинг шундай ҳукми турганда бунчалик адоватнинг сабаби недан?

Акс манзара - ўзаро шиддатнинг боиси недан?!
Икки томонга ҳам хитоб ва насиҳат қиламан:

Илоҳий таълимотга тескари бундай ҳолатнинг сабаби битта: у ҳам бўлса - НАФС. НАФСГА ЭРГАШИШ. НАФСГА ҚУЛЛИК.
Шундай экан..

Нафсингизни жиловланг! Нафсониятингиздан воз кечинг! Ўзингиздаги манмансираш илдизини қуритинг, куйдиринг, суғуриб ташланг!

Аллоҳнинг тавозули, одобли бандаларидан бўлинг. Мусулмонларни шарманда қилишдан, ранжитишдан тўхтанг! (Сизларнинг жанжалингизга гувоҳ бўлганлар шундай ҳолга тушмоқдалар).

Акс ҳолда кеч бўлади. Агар кеч қолсангиз, дунёда тараққиёт сари интилаётган мусулмонлар карвонининг оёғи остида қолиб кетасиз ва қиёматда эса Аллоҳнинг оғир саволларига дучор бўласиз!

Ўзингизга холис туриб савол беринг: Низолашиб, жанжаллашганингиздан нима фойда чиқди? Бу шармандаликдан дин ва миллат нима манфаат топди?

Ғолиб бўлганингизда нафсингиз ором олди. Мағлублигингизда эса нафсониятингиз оғриди. Буёқда эса миллат ва уммат пароканда.

Душманлар мақсади ҳосил ва ғаразгўйлар байрамдан шодон.
Яна бир гап.
Иккига бўлиниб олганларнинг атрофидаги ҳайбаркаллачилар, "яшанг" дея уларнинг қўлтиғига сув пуркаётганлар, ҳазир бўлинг!

Икки мусулмонни бир-бирига тезлаганнинг оқибати ёмон, масъулияти оғир. Агар сиз шундай қилмаганингизда балки низо бунчалик чуқурлашмаган бўларди.

Балки мухолифларнинг ўзига ишончи бунчалик кучаймаган ва нафси семирмаган бўларди.

Аллоҳга қасамки, мен бу изтиробли сатрларни Аллоҳ таолонинг "Ҳужурот" сураси, 9-оятидаги:
"Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг", таълимотига кўра ёздим.

Бошқа мақсадим йўқ.
Аллоҳим шоҳид бўл, мен етказдим!


Telegram |Facebook| Instagram | YouTube