Get Mystery Box with random crypto!

​БАДРДА Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу энг шижоатли ча | Muallim Media | Rasmiy kanal

БАДРДА

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу энг шижоатли чавандозлардан эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жанг¬ларида иймон ва ихлос билан иштирок этганлар.
Бадр урушида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар. Кўпчилик тарихчилар ўша урушда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг мушрик оталарини ўлдирганларини айтадилар.

УҲУДДА

Уҳуд урушида эса Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша куннинг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар.
Уҳуд урушининг иштирокчиларидан Абу Бакр Сиддиқ бундай ҳикоя қиладилар:
«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб, ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб, у зот томон юрдим. Қарасам, бир одам у зотнинг олдиларида ҳимоя қилиб, уруш қилмоқда: «Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб борсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан.
Расули акрам алайҳиссолату вассалом:
«Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар.
Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳал¬қасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:
«Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва ўша кирган нарсани оғзи билан чиқара бошлади.
Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:
«Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди».
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўшанда тушган икки тишлари умр бўйи у кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга садоқатлари нишони бўлиб қолди.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни таърифлаган ҳар бир киши «У узун бўйли, озғин, юзи очиқ, соқоли сийрак ва икки олд тиши тушган одам эди», деб айтган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қуйидагича таърифлайдилар:
«Қурайшдан уч киши одамлар ичида энг очиқ юзли, энг гўзал хулқли, энг собит ҳаёлидир. Улар сен билан гаплашсалар, ёлғон гапирмайдилар. Сен уларга гапирсанг, сени ёлғончи қилмайдилар. Улар – Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳ».

#HadisvaHayot #ҲадисваҲаёт
Яқинларингизга ҳам улашинг!