Шунчаки амал қилиш лозим бўлган оғриқли маслаҳатлар давоми! | Mirzobek Ochilov
Шунчаки амал қилиш лозим бўлган оғриқли маслаҳатлар давоми!
Кимдандир пластик карта орқали қарз олсангиз, қайтаришда хизмат ҳақини ҳам қўшиб ўтказинг;
Бошқаларнинг қанча ойлик олишини сўраманг. "Левалар борми ишда?" дея иржайманг;
Кимгадир телефон қилганингизда иккинчи линиядан тушсангиз битта чақириқдан кейин алоқани узинг. У одамга Сиз қидирганингизни англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқларингиз билан суҳбатини хира қилманг;
Телеграмдан (ёки бошқа ижтимоий тармоқдан) ёзилган саволга телеграмдан жавоб беринг, дарҳол телефон қилманг;
Кимгадир қўнғироқ қилсангиз ва у томон жавоб бермаса, бир секунддан кейин ҳам жавоб бермайди. Қайта-қайта қўнғироқ қилаверманг. Умуман, жавоб бериш у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти деб қараманг;
Жума намози якунланганда дарҳол туриб одамлар орасида жайнамозингизни қоқманг;
Кимдир бирорта суратни кўрсатиш учун телефонини берса, фақат ўша суратни кўриш билан чекланинг. Бармоғингиз билан кейингиларига ўтиб кетманг. Ҳаққингиз йўқ бунга;
Ҳаддингиз сиғмаган одамга, яна жамоат орасида иккинчи хотин, оила масалаларида қочирим қилманг;
Чорраҳаларда тўхтаб турилганда ёнингиздаги машинадагиларга олайиб қараманг. Ҳеч ким ҳақингизни еб кетмаяпти. Қарамасангиз янада яхши. Чунки улов ҳам бировнинг мулки, унинг ичи кимнингдир хонадони мақомида;
Кимдир телефонида нимадир қидираётган бўлса тикилиб турманг, бошқаларнинг мониторига рухсатсиз ва ўта заруратсиз қараманг;
Умумий овқатланиш масканларида агар алоҳида хонада бўлмасангиз, айниқса атрофда аёллар ва болалар бўлганда сўзларингизни ҳам, овозингизни ҳам, кулгингизни ҳам назорат қилинг.
konspektor
Аъзо бўлинг
@Mirzobek_Ochilov