Get Mystery Box with random crypto!

Саволларга амалиётдан мисоллар келтирган ҳолда жавоб берамиз. | Mirzobek Ochilov

Саволларга амалиётдан мисоллар келтирган ҳолда жавоб берамиз.

Кеча бизга савол кўринишида мурожаат келди.

Савол қуйидагича: "Мен клиникада ишлайман. Бироқ, 15 кун аввал буйруқ билан мени эгаллаб турган лавозимимдан менинг розилигим олинмасдан бутунлай бошқа ишга ўтказиб қўйишди. Янги иш аввалги ишимдан бутунлай фарқ қилганлиги сабабли менга ёқмаяпди. Нима қилсам бўлади?"

2021 йилнинг май ойларида юқоридаги мазмундаги иш юзасидан судда қатнашган эдик. Унда хам айнан тиббиёт сохасида ишловчи ходимни мехнат шартномасида аниқ иш жойи белгиланган бўлсада, иш берувчи хеч бир асосларсиз ҳамда ходимнинг розилигисиз ходимни бошқа ишга ўтказганди.

Суд жараёнида иш берувчи ходимни бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруққа асос қилиб Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 91-моддасида “Меҳнат шартномасида шартлашиб олинмаган иш жойини ўзгартириш меҳнат шартларини ўзгартириш деб ҳисобланмайди ва бу ҳақда ходим билан келишиш талаб қилинмайди”- деб кўрсатишганди.

Бироқ, биз судда қатъий позиция белгилаб, ходимнинг ҳуқуқларини судда муносиб ҳимоя қилганмиз.

Меҳнат Кодексининг 96-моддасига кўра “Меҳнат шартларини ўзгартириш, шунингдек иш жойини ўзгартириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартишлар асос бўлади.

Меҳнат шартномасида муайян иш жойи аниқ кўрсатиб қўйилган ҳолларда, иш жойини ўзгартириш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартишлар асос бўлади.

Шунингдек, амалдаги меҳнат қонунчилигимизга кўра, иш берувчи ўзининг ташаббуси билан ходимнинг розилигини олмасдан фақатгина вақтинча бошқа ишга ўтказиш ваколати белгиланган, яъни, Меҳнат Кодексининг 95-моддасида “Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади". Бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.

Биз юқоридаги асослар ва бошқа асосларни келтирган ҳолда ходимнинг ҳуқуқларини судда муносиб ҳимоя қилиб, ходимни аввалги иш жойига тикланишига эришганмиз.

Юқоридаги сизнинг саволингизга жавобимиз ҳам худди шундай.

Агар сизнинг мехнат шартномангизда сизнинг иш жойингиз ва лавозимингиз аниқ кўрсатилган бўлса, сизнинг иш жойингизни ўзгартириш фақат сиз билан тузилган мехнат шартномасига киртилган ўзгариш билан, яъни сизнинг розилигингиз орқали амалга оширилади.

Судга ҳуқуқларингизни тиклаш бўйича мурожаат қилинг.

Аъзо бўлинг
@Mirzobek_Ochilov