Get Mystery Box with random crypto!

Янги шеър... * * * Ўткир РАҲМАТ ҲОЛАТ Нима экан бу мудд | Мирзо Кенжабек ижоди

Янги шеър...
* * *
Ўткир РАҲМАТ

ҲОЛАТ

Нима экан бу муддао замирида,
Тўғри йўлни нотекис деб ўйдиради.
Бугун эса у давранинг энг тўрида,
Мени қачон ўз ҳолимга қўйдиради.

Бечора дил безовтадир турқин кўрса,
Қош-қовоғи қатларида қандай тилсим.
Эзгуликнинг майсаларин ҳасад ўрса,
Мурғаккина умидларим нима қилсин.

Ҳайратдаман. Ўйларимнинг қуршовида
Тўрт томонга бошин уриб жоним ҳалак.
Орзуларим занжирланган тушовида
Еру осмон ўртасида сарсон, фалак!

Шамол каби ўтиб борар умр ахир,
Тонг ва шомнинг юзларига боқиб юрдим.
Бу ҳаётда нени раво кўрса тақдир,
Қувончу ғам дарёсида оқиб юрдим.

Қанотлари қайрилгандек уча олмас,
Мададга зор шаштим ҳамон йўл қарайди.
Кечалари кўзларимга уйқу келмас,
Қуёш боқса нурлар ўраб ҳол сўрайди.

Салом, дейман ўтаётган кунга қараб,
Тузатасан айтгин қачон кам-кўстларни.
Шаффоф, тоза юракларни тургин сўраб,
Туҳмат, ҳасадлардан асра биз дўстларни!

Оқни қора деганга ҳам бир қараб қўй,
Инсоф тила кўнгилларни синдирмасин.
Тинчлик бермай қийнар мени фақат бир ўй,
Соф дилларда ҳасад экиб ундирмасин!

2021 йил, февраль