Get Mystery Box with random crypto!

Журналист Шарифа Мурод опамиз ўз саҳифаларида очиқ хат ёзишибд | 👨🏻‍💻 Mening Blogim ✏️

Журналист Шарифа Мурод опамиз ўз саҳифаларида очиқ хат ёзишибди.

Хақиқатан ҳам бу муаммо бир туманда эмас, бутун Фарғонада, бутун Ўзбекистонда экан...

Нимаям дердик, болалардан лагерда дам олиш завқини тортиб олган очофатлар кўр бўлсин.

Постни шундай келтираман:

Ҳеч шу каттаконларга очиқ хат ёки мурожаат йўлламас эдим.
Аммо шу постни Фарғона вилояти ҳокими
#Хайрулло_Бозоров ва Фарғона вилояти халқ таълими бўлими мудири #Озода_Раҳмоновага очиқ хат деб ўқинглар!

Лагер кўрмаган авлод (Исроилжон Тиллабоевдан илҳомланиб)

Исроилжон Тиллабоевнинг “Лагер кўрмаган авлод” мақоласини ўқиб, тўғриси шу мақоладаги Ўзбекистон тумани деган жойига Учкўприк тумани деб ёзиб қўйса ҳам ҳеч нарса ўзгармаслигини билдим.
Бизнинг ҳам болалигимиз Учкўприк тумани Тошкентли гузар қишлоғидаги (номи эсимдан чиқибди) ва Сариққўрғон қишлоғидаги “Дўстлик” лагерида ўтган. Айниқса, шўх, ерга урса кўкка сапчийдиган, юрган йўлида нимадир ишкал чиқариб юрадиган укам Нодиржон лагернинг уч сменасида ҳам ўша ерда бўларди. Негадир у оромгоҳда “эсли бола” режимини ёқволарди.

Ўша ерда рақс, гулчилик, китобларни реставрация қилиш, драма тўгаракларига қатнашардик, нималарнидир ўрганарди. Тўрт маҳал иссиқ овқат бериларди. Ота-онамиз ҳар ҳафта олиб борадиган егуликлардан фақат музқаймоқнигина ердик. Негадир қорнимиз ҳам оч қолмасди. Бундан ташқари Шоҳимардонда Кўли Қуббон кўлининг этагида “Озёроний” деган лагер бўларди, ўша ерда ҳам бир мавсумдан дам олиб келардик.

Лагерларда ўтадиган “Нептун”, “Балли қизлар”, “Шеърхонлик”, “Моҳир қўллар” каби танловлару , қизиқарли ўйинлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади.
Эндичи? Учкўприк туманидаги болалар қандай дам оляпти? Уларнинг таътилни мароқли ўтказиши учун бирор маскан борми?

Исроилжон Тиллабоев ёзяпти: “ Ўша мен доим ширин хотирлайдиган лагер ҳозир қайсидир ўн йилликда қайсидир соққакаш туман хокимлиги қарори билан қайсидир соққакашларга сотиб юборилган. Бутун бошли туманда битта ҳам лагер йўқ! Сотилган, йўқотилган ноинсофлар томонидан».
Худди шундай бизнинг ҳам лагерларимиз Сариққўрғондаги ҳам, Тошкентлигузардаги ҳам эга-эгасини топиб кетган. Ҳозир Тошкентли гузар қишлоғидаги лагер ўрнида “Булоқли боғ” санаторийси қурилган. Обод, кўркам маскан. Аммо болаларнинг лагери йўқ.
Лагер бўлмагач бечора туман ХТБ раҳбариям нима қилсин, мактабларни мослаштиради кундузги лагер қилиб, ҳокимга чиқади пул ажратиб беринг, деб. Ҳоким бечора ҳам ўз чўнтагидан тўламайдику, уям бир тадбиркорга айтади.

Адашмасам, Учкўприк туманида ҳам 5 та ёки 6 та мактабда ёзги оромгоҳ очилди. Исроилжон айтганидек, “Ўқитувчилар меҳнат таътилига чиқмоқда, улар ҳар куни энди болаларини лагерга йиғиб жўнатиши керакми ёки дам олиши керакми, хокимлик пул тушириб бермоқчимиш, лекин у ҳали тушмаган, шунинг учун мактаблар ҳомий топиб бир икки кунлигини эпламоқда экан. Кимга керак бундай ҳаммани овора қиладиган лагерлар, тушунамиз, туманимиз ҳозирги болалари пешонасига лагер битмаган, бир қарич ер тала-тала бўлиб ётган, Давлатнинг асосий эътибори мактабларни қуриш бўлиб турган бир пайтда бундан кейинам ҳақиқий лагерда дам олиш завқини бутун туман болалари ҳис қилмай ўтсаям керак.

Бир кун лагерга борган бола, эртаси куни “Эй, лагерга бормайман, бассейни ҳам йўқ, фақат инглиз тили ўтдик. Зерикарли бўларкан лагер” деб турса, 6 июндан қонуний меҳнат таътили бошланган ўқитувчига мактаб раҳбари “илтимос, 10 кун яна ишлаб беринг, кейин августда сизга 10 кунга рухсат бераман, деб турса. Лагер очган бечора директор “Эртага болаларнинг озиқ-овқатига қаердан пул топаман” деб бош қотириб ўтирса, шу ҳам лагерми?
Болалар лагерини сув текинга олиб, ҳозирги кунда миллионлаб соққа қилаётган ҳурматли тадбиркорлар лоақал бир кунлик озиқ-овқатини етказиб беринглар, шундай лагерларга!?

Мен ҳам болалиги лагерсиз ўтаётган туманим болаларига ачинаман.

Исроилжон айтганидек, P.S: Пост ўзгартирилмайдиям, ўчирилмайдиям, телефоним эса ёниқ!

Яна бир гап, #Бу_информацияни_нега_журналистга_бердинг_деб_лагер_очган_бечора_директорларни_уришманглар.

Ўзимиз ҳам кўр ёки кар эмасмиз. Ҳеч қайси директор бу маълумотни бермади.

Шарифа Мурод

Achchiq So'z kanali