Get Mystery Box with random crypto!

ЧЕЛАК БЎЛСА... Бир куни Хожа Ҳасан Нурий саҳрода кетаётганди. | Mehrob.uz

ЧЕЛАК БЎЛСА...

Бир куни Хожа Ҳасан Нурий саҳрода кетаётганди. Ҳаво жуда иссиқ эди. Йўлда бир дарахт кўринди. Хожа ўша томонга юрди. Дарахт тагида бир қудуқ бор экан. Қудуқни кўриб севинди ва: «Челак бўлганида сувдан олиб ичардим», деб ўйлади. Шу пайт бир тўда оҳу кўринди. Қудуқ бир зумда сувга лиқ тўлди. Оҳулар сувдан ичиб ортларига қайтишди. Хожа Ҳасан сув ичмоқчи бўлиб қудуққа яқин келса, сув тубига тушиб кетибди. Буни кўриб:
- Илоҳим, оҳуларга сувни қудуқ лабига чиқариб бердинг, Ҳасан сув ичаман деса унинг тубига туширибсан, бунинг ҳикмати нимада? - деди. Шунда нидо келди:
- Эй Ҳасан, сен Бизга эмас, челакка таваккул қилдинг, оҳулар эса фақат Бизга таваккул қилди. Ким Бизга таваккул қилса, дунё ва охиратдаги ҳожатларини бажо этамиз!

«Ривоятлар» китобидан.
@mehrob_uz