Get Mystery Box with random crypto!

ИНСОННИНГ 5 НУҚСОНИ Агар бир инсон машина ишлаб чиқарса, улов | Mehrob.uz

ИНСОННИНГ 5 НУҚСОНИ

Агар бир инсон машина ишлаб чиқарса, уловнинг сифатини, имкониятларини ва нуқсонларини жуда яхши билади. Худди шундай, Аллоҳ таоло инсонни яратди ва У Зот инсоннинг имкониятларини жуда яхши билади.
Қуръони каримнинг қай ўрнида инсоннинг яхши жиҳатлари саналган бўлса, ўша жойда унинг беш нуқсонини ҳам санаб ўтилган.

Инсон золимдир
Инсоннинг энг катта нуқсонларидан бири у золимдир.
إِنَّهُ كَانَ ظَلوُمًا
«Дарҳақиқат, у (инсон) ўта золимдир», (Аҳзоб сураси, 72-оят).
Албатта, инсон золим бўлиши билан бирга, унда бу нуқсонини тўғрилаш имконияти бор. Яъни, инсон золимдан Аллоҳ таолога мақбул бўлган одил сифати билан сифатлана олиши мумкин.

Инсон жоҳилдир
Иккинчи нуқсони шуки, инсон ўта жоҳилдир.
كَانَ ظَلُومًا جَهُولًاإِنَّهُ
«Дарҳақиқат, у (инсон) ўта золим ва ўта жоҳилдир», (Аҳзоб сураси, 72-оят).
Албатта, инсонда бу сифатнинг тескариси бўлган илм ҳосил қилиш истеъдоди бор. Гуё Аллоҳ таоло бу икки лафз (жоҳил ва золим) билан шунга ишора қиляптики, агар инсон ҳаракат қилса, ўзининг жоҳиллигини олимликка, золимлигини эса одилликка ўзгартириши мумкин.

Инсон заифдир
وَ خُلِقَ الْإِنْسَنُ ضَعِيفًا
«Ва инсон заиф яратилгандир», (Нисо сурси, 28-оят).
Инсон шу даражада заифки, унинг онгида, инглизлар таъбири билан айтганда, “FEAR OF UNKNOWN” “нотаниш нарсадан хавфсираш” доим бўлади. Инсон шу даражада заифки, уни заррадек келадиган вирус бемор қилиб қўя олади. Шу даражада инсон иложсиз қоладики, шифокор бу давосиз касаллик, дейди. Ваҳоланки, у вирус шу даражада кичикки, уни ҳатто оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Лекин шу зарра миқдоридаги вирус инсонларни ҳалокат ёқасига олиб боради.

Инсон шошқалоқдир
Тўртинчи нуқсон бу шошқалоқликдир.
وَ كَانَ الْإِنْسَانُ عَجُولًا
«Ва инсон шошқалоқ бўлгандир», (Исро сураси, 11-оят).
Инсон табиатан шошқалоқдир. Агар тўрт кун нафл намозларини ўқиса, бешинчи куни Шайх Шиблий раҳматуллоҳи алайҳдек ёки Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳдек кароматлар кўрсатишни орзу қилади, дуолари ўша заҳоти қабул бўладиган зот бўлишни хоҳлаб қолади. Бир, икки марта дуо қилиб, менинг дуоларим ижобат булиши керак, деб даъво қила бошлайди.

Инсон беҳафсала ва тор юраклидир
Аллоҳ таоло бешинчи нуқсонни бундай баён қилиб марҳамат қилади:,
إِنَّ الْإِنْسَانَ خُلِقَ هَلُوْعًا
«Албатта инсон ўта беҳафсала қилиб яратилингандир», (Маъориж сураси, 33-оят).
Бу ояти каримани “тор юраклидир” деб тафсир қилганлар ҳам бор. Яъни, инсон шу даражада беҳафсалаки, унга Аллоҳ таоло томонидан яхшилик етса, фаромуш қилади, озгина мусибат етса, сабот билан сабр қилмайди. Агар бирон муваффақиятга эришса, фақат ўзининг кучи билан унга эришганини даъво қилади. Аллоҳ таолонинг берган тавфиқини унутади.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий
@mehrob_uz