Get Mystery Box with random crypto!

Бу жойда араб тилининг нозик услубларидан ишлатилмоқда. Икки о | Mehrob.uz

Бу жойда араб тилининг нозик услубларидан ишлатилмоқда. Икки оят олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етти такрорланувчи ва Улуғ Қуръон туширилгани айтилган эди. Кейинги икки оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, баъзи кўрсатмалар берилди. Сўнгра сенга етти такрорланувчи ва Улуғ Қуръонни худди Қуръонни парча-парча қилган тақсимловчиларга китоб туширганимизга ўхшаш туширдик, дейилмоқда.
«Қуръонни парча-парча қилганларга», деганда аҳли китоб яҳудий ва насоролар назарда тутилгандир. Улар ўзларига келган илоҳий китобларни тақсимлаб, бир қисмига иймон келтириб, бир қисмига иймон келтирмаган эдилар. Энди Қуръонни ҳам парча-парча қилиб, ўз фикрларига мос келганини олиб, тўғри келмаганини тарк этмоқчи бўлмоқдалар. Ана ўшаларга ўз вақтида синовчи китоб туширганимиздек сенга ҳам бу самовий китобни–Улуғ Қуръонни нозил қилдик. Бу янгилик эмас. Қадимдан бўлиб келаётган иш. Кишилар баҳона-сабаб ахтармай иймон келтиришлари зарур эди. Аммо кўплари бош тортмоқдалар.
@mehrob_uz