Get Mystery Box with random crypto!

ДЎСТ - УЛФАТНИНГ ТАЪСИРИ Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан | Mehrob.uz

ДЎСТ - УЛФАТНИНГ ТАЪСИРИ

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Яхши ва ёмон суҳбатдош аттор билан босқончига ўхшайди. Аттор ё сенга туҳфа беради, ё ундан сотиб оласан, ёки ундан хушбўй ҳид туясан. Босқончи эса ё кийимингни куйдиради, ё ундан бадбўй ҳид туясан». Имом Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Аллома Ҳаким Роғиб Асфаҳоний «Аз-зариъа ила макоримиш-шариъа» китобида ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: «Инсон яхшилар билан дўст ва ҳамроҳ бўлишга астойдил ҳаракат қилиши керак. Зеро, яхшиларга улфат бўлиш ёмон кимсани яхши одам қилиб қўяди. Шунингдек, ёмонларга улфат бўлиш яхши одамни ёмон кимсага айлантириши мумкин. Донишмандлардан бири шундай деган: «Ким яхши одам билан ҳамроҳ-ҳамсуҳбат бўлса, унинг баракасидан насибадор бўлади. Аллоҳнинг валий - дўстларининг ҳамроҳи - гарчи у «Асҳоби каҳф»нинг итидек - ит бўлса ҳам, бебахт бўлмагай. Зеро, Аллоҳ таоло «Асҳоби каҳф»нинг ити ҳақида: «...Итлари эса остонада олд оёқларини чўзиб ётур...» деган. Суҳбатдошнинг шеригига таъсири кучлилиги сабаб, донишмандлар ёш болаларни эсипаст кишиларнинг йиғилишларида иштирок этишларини ман этишни тавсия қилганлар. Мўминлар амири ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу эса: «Фожир ахлоқсиз одамга улфат-ҳамроҳ бўлма, чунки у ўзининг ишини сенга чиройли кўрсатади ва сенинг ҳам ўзидек бўлишингни хоҳлайди», деганлар. Шунинг учун хам «Кўриниши Аллоҳни ёдингизга соладиган, сўзи яхшилигингизни зиёда қиладиган кишилар билан дўст-улфат бўлинглар», дейилган. Донишманд зотлар бу борада: «Ёмон одам билан дўст-улфат бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки ўзингиз билмаган ҳолда табиатингиз унинг табиатидан ўғирлайди, яъни ёмон хулқини ўзлаштиради», деганлар. Улфатнинг ўз улфатига таъсири фақат сўз ва феъли орқалигина эмас, балки унга назар солиш орқали ҳам бўлади. Одамларнинг суратига қараш ҳам одамга таъсир қилиб, суратдаги кишининг хулқи унга қараган кишига ҳам ўтади. Зеро, бир одам хурсанд одамга қарар экан, кайфияти кўтарилади, ғамгин-хафа кишига қараган одамда эса ғамгинлик пайдо бўлади. Бу жараён фақат одамларга хос эмас, балки ҳайвонот оламида ва наботот олами - ўсимликларда ҳам мавжуд. Чунки асов-саркаш туя ювош туялар орасида турса, ювош бўлиб, ювош туя асов туялар орасида яшаса, асов бўлиб қолади. Барра райҳон ёнидаги сўлғин райҳон таъсирида сўлий бошлайди. Ҳатто ўлимтикнинг яқинидаги сувнинг айниши, унинг атрофидаги ҳавонинг ўзгариши ҳам барчага маълум бўлиб, тажрибали одам буни инкор этмайди. Жонзотлар, ўсимликлар атроф-муҳитдан шу даражада таъсирланар экан, яхши-ёмон барча нарсаларнинг суратини ўзлаштирувчи қилиб яратилган инсон табиати ҳақида нима деб ўйлаш мумкин?

«Солиҳлар ҳаётидан сара нақл ва хабарлар» китобидан
@mehrob_uz