Get Mystery Box with random crypto!

Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган м | Mehrob.uz

Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир.
Ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад Ибн Мусаййибдан, у эса отасидан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда унинг олдига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умаййа ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй амаки, ла илаҳа иллоллоҳу, десанг, Аллоҳ ҳузурида сен ҳақингда дуо қиламан», дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умаййалар эса:
«Эй Абу Толиб, Абдулмутталибнинг динидан юз ўгирасанми?» дедилар. У бўлса:
«Мен Абдулмутталибнинг динидаман», деди. Бас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар манқилинмасам, сенинг учун истиғфор айтаман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло:
«Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир» оятини нозил қилди».
Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгаки рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Бу ерда иймон ва эьтиқод алоқаси ҳамма алоқалардан устун туриши яққол кўриниб турибди. Мўмин киши учун ҳамма нарсадан иймони афзал, шунинг учун у аввало иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди. Қон-қардошлик алоқаси эса бу жойда ҳеч нарсани ҳал қилмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга мушриклар учун истиғфор айтиш жоиз эмаслигини баён қилувчи бу ояти каримадан кейин ўз-ўзидан бир ҳақли савол пайдо бўлади. У савол: «У ҳолда нима учун Иброҳим алайҳиссалом ўзининг мушрик отаси учун истиғфор айтган?», деган саволдир.
Арабистон ярим оролида, хусусан, Маккада Иброҳимнинг алайҳиссалом қиссалари машҳур эди. Чунки қисса айнан шу ерларда бўлиб ўтганди. Маккаликлар ўзларининг Иброҳим алайҳиссалом динидан эканликлари билан фахрланар эдилар. Келаси оятда пайдо бўлиши мумкин бўлган ўша саволга жавоб келмоқда.
@mehrob_uz