Get Mystery Box with random crypto!

ЁЛҒОН ТАВБАНИНГ ЖАЗОСИ Мансур ибн Аммор айтади: «Бир дўстим б | Mehrob.uz

ЁЛҒОН ТАВБАНИНГ ЖАЗОСИ

Мансур ибн Аммор айтади: «Бир дўстим бор эди, жуда кўп гуноҳ қилар эди. Сўнгра у тавба қилиб, жуда кўп ибодат қиладиган, таҳажжудлар ўқиб юрадиган бўлиб қолди. Кейин уни бир неча кун кўрмай қолиб, суриштирсам, у касал экан. Уни кўргани уйига келдим. Эшигини тақиллатсам, қизи чиқиб, «Ким керак?» деди. «Фалончи керак», десам, «Киринг» деди. Ҳовлига кирсам, дўстим ҳовлининг ўртасида тўшак солиб ётибди. Қарасам, юзи қорайган, кўзлари кўкарган, лаблари шишиб кетибди. Уни кўриб, қўрқиб кетдим. «Биродар, «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни кўп айтинг!» дедим. У бўлса кўзларини очиб, пастдан менга қаради-да, кўзларини юмиб олди. Мен унга иккинчи марта: «Биродар! «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтинг!» дедим. Жавоб бўлмагач, учинчи марта яна айтдим. У кўзларини очиб, «Биродарим Мансур! Сиз айтаётган калима билан менинг орам тўсилган», деди. Мен даҳшатга тушиб, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил алиййил азийм!» деб юбордим, сўнг «Шунча намозлар, рўзалар, таҳажжудлар, тунлари қоим бўлишлар қаёққа кетди унда?» дедим. У бўлса: «Уларни Аллоҳ учун қилмаган эдим. Тавбам ёлғон эди. Мен уларни одамлар мен ҳақимда яхши гаплар айтиши учун, одамларга кўз-кўз қилиш учун қилар эдим. Ўзим ёлғиз қолганимда эса эшикни ёпиб, пардаларни тушириб, ароқ ичар эдим. Роббимга кўп осийлик қилардим. Бу аҳволим узоққа чўзилмади, сал ўтмай, шу дардга учрадим. Ўлар ҳолатга келганимда қизимга: «Менга Қуръонни олиб бер», дедим ва Қуръонни қўлимга олиб, «Аллоҳим, мана шу улуғ Қуръон ҳаққи сўрайман, менга шифо бер! Тузалсам, асло бу гуноҳга қайтмайман», деб дуо қилдим. Аллоҳ мени дарддан фориғ қилди. Мен бадбахт эса яна аввалги ҳолимга қайтиб, айш-ишратда давом этдим. Шайтон Роббимга қилган аҳдимни унуттирди. Лекин бу сафар ҳам гуноҳларим узоққа чўзилмади, яна касал бўлиб, ўлишимга оз қолди. Уйдагиларга: «Мени ҳовлининг ўртасига чиқаринглар, Қуръон олиб келинглар», дедим. Қуръонни ўқиб, уни қўлимда ушлаган ҳолда: «Аллоҳим, мана бу Қуръоннинг оятлари ҳурмати сўрайман, мени дарддан фориғ қил!» деб дуо қилдим. Аллоҳ дуоларимни яна ижобат қилиб, менга яна шифо берди. Мен нонкўр эса яна аввалги ҳолимга қайтиб, гуноҳларда давом этдим. Ниҳоят, мана шу аҳволга тушдим. Яна уйдагиларга айтдим, кўриб турганингдек, мени ҳовлининг ўртасига олиб чиқишди. Қуръон олиб келинглар дедим, олиб келишди. Очиб, ўқимоқчи бўлсам, бирорта ҳарф кўринмаяпти! Билдимки, Аллоҳ таоло менга ғазаб қилибди. Кейин осмонга қараб, «Аллоҳим, мана бу Қуръоннинг ҳурмати сўрайман, менга шифо бер, эй осмонлару ернинг соҳиби бўлган Зот!» деб дуо қилсам, бир нидо келди:

Гуноҳларга тавба қиласан касал бўлганда
Гуноҳларга яна қайтасан шифо топганда
Сени қанча қийинчиликлардан халос этди
Ва яна қанча балоларни даф этди
Қўрқмайсанми сенга ўлим келмоғидан
Сен хатоларга шўнғиб турган ҳолингда?»

Унинг олдидан кўзларимдан шашқатор ёш оққан ҳолда чиқдим. Эшигим олдига етиб келишим билан унинг вафот қилгани ҳақида хабар келди».


"Солиҳлар гулшани" китобидан.

http://T.me/Mehrob_uz