Get Mystery Box with random crypto!

НАЗР ВА АҚИҚА – Aгар бир киши фалон мақсадим ҳосил бўлса, жон | Mehrob.uz

НАЗР ВА АҚИҚА

– Aгар бир киши фалон мақсадим ҳосил бўлса, жонлиқ сўяман, деб айтса, сўймоқ лозим бўладими?
– Мақсадим ҳосил бўлса, жонлиқ сўйиб гўштини ва терисини фақирларга садақа қилиб бераман, деса, лозим бўлади ва агар гўштини ва терисини садақа қилишни ният қилмаса, лозим бўлмайди.

– Шу киши назр қилган ҳайвонни бўғизласа, кейин нима қилади?
– Назри бўйича гўштини ва терисини фақирларга садақа қилади.

– Aқиқа нима?
– Бола туғилгандан сўнг еттинчи куни жонлиқ сўймоқдир.

– Бола туғилганда неча жонлиқ бўғизланади?
– Ўғил болалар учун икки қўй, қиз болалар учун бир қўй бўғизланади.

– Aқиқа кимга берилади?
– Устихонларини синдирмасдан бўлаклаб пишириб ёки пиширмасдан бола доясига ва ҳам бошқа фақирларга берилади.

– Aқиқа қилиш суннатми ё мустаҳабми?
– Мустаҳабдир, лекин баъзи уламолар суннат, демишлар ва баъзилари макруҳ демишлар.

– Худодан бошқага назр қилиш нечукдир?
– Масалан, «Ҳазрати Ғавсил Aъзамга бир қўй ва ёки ўн бир танга назр қилдим» ва ёки «Ҳазрати Баҳоуддинга етти танга назр қилдим» ва ёки «Ушбу ўғлимнинг бошини ҳазрати Занги отага назр қилдим» ва шунга ўхшаш иборалар авом одамлар ўрталарида кўп учрайди. Чунончи, бир киши бирор эшонга инобат қилиб зиёратига борганда бирор нарса олиб борса, уни назр исми билан атаб, ушбу нарса сизга назрдур, дейди. Бунга ўхшаш гап-сўзларни баъзи уламолардан ҳам эшитса бўлади. Бу тариқа назрлари асло жоиз ҳам, дуруст ҳам эмас. Шу тариқа назр қилган кишилар гуноҳкор бўладилар. Ҳатто, баъзилар буни куфрга нисбат берганлар. Ушбу нарсани менга назр қилган экан, деб олган кишига ҳам ҳалол эмас. Ҳадя ё садақа деб берилса, олса бўлади.
"Ибодати исломия"дан.
ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!
MEHROB.UZ Ижтимоий саҳифалари:
Telegram | Facebook | Instagram | YouTube