Get Mystery Box with random crypto!

#Фитр_садақаси_1 ФИТР САДАҚАСИГА ОИД САВОЛ - ЖАВОБЛАР 1 Савол | Mehrob.uz

#Фитр_садақаси_1
ФИТР САДАҚАСИГА ОИД САВОЛ - ЖАВОБЛАР 1

Савол:
фитр садақасини бериш кимларнинг зиммасига вожиб?

Жавоб: мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлса, зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Шунингдек, моли нисобга етган мусулмон эркак ўзи ва балоғатга етмаган, нисоб эгаси бўлмаган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб бўлади. Аёл киши ёки балоғатга етган болалар нисоб эгаси бўлишса, зиммаларига фитр садақаси вожибдир, нисоб эгаси бўлмаса, вожиб эмас.
Фитр садақасини бериш яшаб турган уйи, қиш-ёз киядиган кийими, кундалик юмушларида ишлатиладиган уй-рўзғор буюмлари каби эҳтиёжи керакли нарсалардан ташқари бўсмаса-да нисобга етарли мол-мулкка эга бўлган ҳур кишининг зиммасига вожиб бўлади. Уч сидра кийим эгаси бой ҳисобланмайди, чунки улардан бири – уй кийими, иккинчиси – юмушлар учун, учинчиси – жума ва байрамлар учундир. Тўртинчи кийим эса бойликдир.

Савол: фитр садақаси беришдаги нисобнинг меъёри қанча?

Жавоб:
1) Фақат тилласи ҳамда ундан ясалган буюмлари (танга, идиш-товоқ, тақинчоқлар ва совға буюмлари каби нарсалари) 85 граммга етса;
2) фақат кумуши ҳамда ундан ясалган буюмлари (танга, идиш-товоқ, тақинчоқлар ва совға буюмлари каби нарсалари) 595 граммга етса;
3) юқоридагилардан бошқа мол-мулки борлар, яъни ҳожати аслиясидан (яшаб турган уйи, қиш-ёзда киядиган кийими, кундалик юмушларига керак бўладиган уй-рўзғор буюмлари каби эҳтиёжига керакли бўлган нарсалардан) ортиқча мол-мулкнинг қиймати нисобга етса;
4) озгина тилласи, кумуши, мол-мулки борлар барчасини қўшганда қиймати нисобга етса;
Фитр садақасида аслий ҳожатидан ташқари мол-мулкнинг нисобга етишида закотдаги каби ўсувчи бўлиши шарт эмас. Тижорат моли қандай мол бўлмасин, унинг қиймати кумуш ёки тилланинг нисобига етса, ундан закот вожиб бўлади. Мол эгаси тилла-кумушнинг нисобидан қай бири фақир-мискинларга манфаатли бўлса, фақирлар ҳаққининг эҳтиётини олиб, тижорат молини ўша нисоб билан белгилайди.

Савол: фитр садақаси қачон берилади?

Жавоб: фитр садақасига қодир бўлганлар молларидан бериладиган фитр садақасини ийд намозига чиқишдан аввал ажратиш мустаҳаб эканига барча уламолар иттифоқ қилишган. Лекин қанча муддат аввал бериш борасида турли фикрлар айтилган:
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Бир-икки йиллигини аввалдан бериб қўйса ҳам адо бўлаверади», дейдилар. Ҳанбалийлар: «Намоздан бир-икки кун аввал бериш мумкин», дейишади. Шофеъийлар: «Рамазон кирганидан кейин адо қилинса бўлади», дейишади. Лекин ийд намозича адо қилмаган бўлса, зиммасидан соқит бўлмагани боис умрининг охиригача қайсидир кунда бериб қўйса ҳам, бўйнидан соқит бўлади.
Шунингдек, бир неча йил фитр садақасини бериш вожиб эканини билмаганлар билганларидан сўнг барча қолдирган йиллари учун бериб фитр садақаларини адо қилса, бўйинларидан соқит бўлади, вожибни бажарган бўладилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини... фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилишган.

"Мўминнинг қалқони" китобидан.
http://T.me/Mehrob_uz