Get Mystery Box with random crypto!

Қишлоқлардан бирига тайинланди бир имом, Дини ислом илмини ки | MAVLUDI SHARIF

Қишлоқлардан бирига тайинланди бир имом,
Дини ислом илмини
китоб қилган, зўр имом.

Ҳурмат қилиб бир киши ифторликка чақирди.
Имом йигит Қуръонни
жуда гўзал ўқирди.

Мезбон бўлиб бой киши
хизмат қилди жонидан.
Имом кетгач, оҳ, таажжуб,
пул йўқолди хонадан.

Ўша пайтда имомдан
бошқа кимса йўқ эди.
Токчада турган пулдан кўнгиллари тўқ эди.

Катта пулни йўқотиб,
эр-хотин қилди нола,
Лек имомга айтишга
қилдилар истиҳола.

Йил айланиб рўзада,
чақирдилар меҳмонга,
Яна ифторга келди
шу имом хонадонга.

Гап келганда имомга
аста туриб бой деди:
--"Ўтган йили сиз кетгач,
пулим йўқолган эди,

Лекин сизга айтмадим,
ҳурмат қилдим сизни хўп,
Менку пулдан розиман..., розиликда ҳикмат кўп...".

Буни эшитиб имом
бирдан йиғлаб юборди,
Бой киши бу ҳолатдан
ҳар хил ҳаёлга борди:

--"Нега йиғлайсиз тақсир, айтдимку розиман деб,
Фақат бундай йиғламанг,
сизга бу ҳол эмас эп".

Имом ўрнидан туриб,
токчага қўлин солди,
Қуръон китоб остидан
бир даста пулни олди.

Деди: -- "Шу кун шабода учирганди пулларни,
Қуръон остига қўйдим,
териб олиб уларни.

Йиғламоғим сабаби -- сиз Қуръондан бехабар,
Бир йил қўлга китобни ушламабсиз, биродар".

Алқиссаким, токчада
қолиб кетса Қуръонлар,
Кўнгилларни эгаллар
турфа ёмон гумонлар.

Ғайрат МУҲАММАД