Get Mystery Box with random crypto!

ҚИЁМАТНИНГ КИЧИК АЛОМАТЛАРИГА ИЗОҲ Қиёматнинг катта ва кичик | MAVLUDI SHARIF



ҚИЁМАТНИНГ КИЧИК
АЛОМАТЛАРИГА ИЗОҲ

Қиёматнинг катта ва кичик аломатлари барча эътиқод китобларида баён қилинган. Катта аломатларини такрор айтишга ҳам кишининг юраги бетламайди. Сабаб шуки, гўё одамзод ўша аломатларга қараб яқинлашиб бораётгандек туюлади.

Матнда қиёматнинг кичик аломатларини баён қилдик. Нима учун, деганда булар асосан инсонларнинг ўзига, яъни дину диёнати, одоб-ахлоқи, яшаш тарзига боғлиқ бўлган аломатлардир.

Равшанроқ айтганда, булар инсонларнинг ўз ихтиёрида бўлган ва олдини олиши ёки узоққа чўзиши мумкин бўлган ҳодисалардир.

Аллоҳнинг Расули, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирган ва ул зотнинг маънавий ворислари ва вакиллари бўлган уламо ва шайхлар батафсил изоҳлаб кўрсатган бу аломатлар юз бермасдан қолмайди.

Бу башариятнинг тақдиротидаги нарсадир.

Лекин буюк Аллоҳ одамзодга иродаи жузъий, яъни жузъий ихтиёр ато этган, ақл-идрок, шуур ва тафаккур берган. Динимизда инсонлар бажариши мумкин бўлган солиҳ-савобли ишлар ва одамзод қайтиши мумкин бўлган ёмон амаллар билдирилган. Яхшиликда мусобақа қилиш, ғайрат ва шижоат кўрсатиш одамзоднинг ўз қўлидадир!

Демак, инсон поклик ва ҳалолликка, тўғрилик ва тақвога интилиш орқали, гўзал ахлоқ, меҳр-муҳаббат, аҳиллик ва меҳрибонлик билан яшаш орқали баён қилинган ёмон воқеаларнинг олдини олиши ёки уни кейинга чўзиши мумкин бўлади.

Ё Раббимиз! Бизларга ҳақ йўлда юрмоқ учун куч-қувват, ғайрат шижоат, сабот ва матонат ато айлагин!

Ё Раббимиз! Бизга, оиламиз аҳли ва ёр-дўстларимизга, авлоду зурриётимизга қиёмат аломатлари бўлган ёмон ишлардан сақланмоқни насиб этгин.

Ё Раббимиз! Модомики, дунёнинг умрини узайтириш мўъмин-муслмонларга боғлиқ экан, бизларга собит ва мустаҳкам дину диёнат билан яшаш бахтини насиб айлагин!

Ё Раббимиз! Ё Ҳай, ё Қайюм, ё Аллоҳ! Қалбимизни маърифатинг нури билан абадий тирик қил!

Ё Раббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик ато қил ва бизни дўзах азобидан асра!

Беш марта “Роббано!” деб, яъни “Ё Раббимиз!” деб қилинган дуо ижобат бўлишига ишорат бор. Чунки Қуръони каримнинг Оли Имрон сурасида беш марта “Роббано!” (“Ё Раббимиз!”) деб келган дуо туркуми бор!

Раҳматинг ила, дуомизни ижобат қил, эй раҳмлиларнинг энг раҳмлиси!

Шарҳловчи: Мирзо Кенжабек

•┈❁✿❁┈•
@m_kenjabek
•┈❁✿❁┈•