Get Mystery Box with random crypto!

Интернет бир революция бўлган бўлса, кейингиси ChatGPT, Google | Matematika videodarslar

Интернет бир революция бўлган бўлса, кейингиси ChatGPT, Google Bard AI (AI – Сунний интеллект)

Бу мавзуни қанчалик чуқур тушунган сари, шунчалик имкониятлар катталашганини фаҳмлайсан ва бирдан қўрқув ўз дамига тортиб кетади. Агар Илон Мaск каби узоқни кўролганимизда ёки у каби технология имкониятларини чуқур тушунганимизда, биз ҳам Сунний Интеллектга қарши чиққан бўлармидик. Сунний Интеллект алгоритм асосида ишлайди, ҳиссиёт ёки меҳр, байрам ёки таътил деган нарсани тушунмайди. Қандай топшириқ берилса, алгоритмлар асосида тугагунга қадар тинмай ишлайди. Роботни ишлаб чиқариш ва таъмирлаш таннархи ишчи маошидан паст бўлиб самараси юқори бўлганда, “Инсон ва Робот” янги жамияти шаклланади. Табақаланиш жуда кескинлашади.

Бу мавзуда китоб ёзса бўлади, ёки ChatGPTга топшириқ бериб, 1 соатда Сунний Интеллект қандай имконият ва хатарлар яратиши, Инсон ва Робот жамияти ҳақида янги китоб ёзса бўлади. Плагиатга қарши текширилса, ундан ҳам ўтади.

Қисқа қилиб айтганда, табақанинг юқори ёки қуйи қисмидан ўрин оламизми, бу бизнинг ҳаракатимиздан келиб чиқади. Бизни қутқарувчи омил бу яна ўша таълим. Ҳеч қайси бир давлат Ўзбекистон етиб олсин деб кутмайди ва кучли кадрларга жанг яна ҳам кескинлашади. Биз таълим мавзусида қандай хавотирга тушаётган бўлсак, ривожланган давлатлар биздан ҳам кўпроқ хавотирга тушиб улгуришган.

Ҳурматли ота-оналар,

Фарзандларимизни таълимига юзаки қараш, уларнинг келажакда ишсиз ёки қарам бўлишига олиб келади. Дастурчи бўлиш бу келажак дегани ҳам эмас, агар фарзандингизда кучли дастурчи бўлишга мойиллик бўлмаса у иш тополмайди, чунки ChatGPT ундан минг карра тез ва яхши дастурлайди. Сунний интеллект шоирлик қилиб шеър, қўшиққа эса мусиқа ёзади, китоб ҳам яратади, ҳар қандай мавзуда стратегия ҳам тузиб беради.

“Multidisciplinary Education” яъни кўп фанларнинг интеграциялашган таълим тизими жуда долзарб бўлиб қолмоқда. Креативлик ва Аниқ фанлар: математика, физика, химия, биология, ахборот технологияси келажагизмини белгилаб беради. Фарзандларимизда имкониятлар биздан минг марта кўп бўлиши билан бир қаторда, ҳаёт ҳам шунча мураккаб бўлади. Тайёргарлигимизни кечадан бошлашимиз керак эди, бугун ҳам кеч эмас.

ps. таълим тизими ҳаммасига айбдор деб ўтирганлар диққатига, олма пиш оғзимга туш деб ўтирмаймиз, ўзимиз фарзандимиз келажаги учун ҳаракат қиламиз. Тўйига маблағ ғамламасдан, барчасини таълимига инветиция қилиб йўналтирамиз.

Абдулла Азизов