Get Mystery Box with random crypto!

“Ваҳший”ни кечиролмаган Она Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб Ҳабаши | ШАЙХ МАЪРУЗАЛАРИ🌙

“Ваҳший”ни кечиролмаган Она

Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб Ҳабаший розияллоҳу анҳу зиддиятли ҳаёт йўли билан Ислом тарихида алоҳида из қолдирган саҳобийлардан. Ваҳший Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қора танли қули эди. Уҳуд жанги бошланишидан олдин Жубайр Ваҳшийга: “Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан”, дейди. Ўша пайтлар мусулмон бўлмаган Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам Бадрда ўлдирилган отаси ва амакисининг интиқоми учун Ваҳшийга мукофот ваъда қилади.
Ваҳший найзани нишонга бехато уриш борасида тенгсиз эди. Найзасини олиб, қўшин ортидан йўлга чиқди.
Уҳудда бир тошнинг панасига ётиб олиб, Ҳамзани кузата бошлади. Ҳазрат Ҳамза майдонда наъра тортиб жанг қиларди. Ваҳший пайт пойлаб, найзасини отди ва ҳазрат Ҳамзани шаҳид қилди...
Жанг ниҳоясига етгач, қурайшликлар Маккага қайтишди. Жубайр сўзининг устидан чиқиб, Ваҳшийни қулликдан озод қилди. Аммо у бахтиёр ва хотиржам бўла олмади. У жонини сақлаб қолиш учун Тоифга қочди. Аммо тоифликлар ҳам тез орада Ислом неъмати билан шарафланишди. Бу ҳолат унда умид учқунларини порлатди. Ниҳоят, Ваҳший ибн Ҳарб ҳам мусулмон бўлди.
Аллоҳ таолонинг иродаси ва тақдири туфайли у Уҳуд куни Ҳамза ибн Абдулмутталибдек улуғ саркардани ўлдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қалбларини яралаган бўлса-да, кейинчалик Ямома куни сохта пайғамбар Мусайламатул Каззобни қатл қилиб, мусулмонлар дардига малҳам бўлди. Тарихчилар Ваҳшийга: «У энг яхши одамни... ва энг ёмон одамни ўлдирди», дея таъриф берган. Ҳазрат Ваҳший ибн Ҳарб ҳазрат Усмон даврида вафот этди.
* * *
“Рисола” фильмида “Ваҳший” ролини ливиялик Али Солим Қадома ўйнаган. Али аслида актёр бўлмаган. У оддий электр муҳандиси бўлиб, “Рисола” фильмининг режиссёри Мустафо Аққод тунаган меҳмонхонада ишлаган. Ваҳший ролига муносиб актёрни узоқ излаган режиссёр бир куни Алини кўриб қолади ва уни ушбу рольл учун таклиф қилган. Али Ваҳший ролини маҳорат билан ижро этган.
Фильм намойишидан сўнг Алининг онаси ўғлини Аллоҳнинг шери Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилгани учун уйдан ҳайдаб юборган ва алоқани узган. Али ҳар қанча уринса ҳам, онаси билан муроса қила олмаган. Ўртага диний арбоблар тушиб, онаизорга бу шунчаки роль эканини, Ҳамза розияллоҳу анҳуни аслида Ваҳший қатл қилганини, ўғли эса яхши ниятда бу ролни ижро этганини тушунтиришганидан кейин ўғлини кечирган.

Р. МАДАМИНОВ.

ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!

«ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ МУХЛИСЛАРИ» КАНАЛИГА АЪЗО БЎЛИШНИ УНУТМАНГ!!! https://t.me/Shayx_MuhammadSodiq_Muxlislari/15549