Get Mystery Box with random crypto!

Конституциявий қонун лойиҳасининг тарғиботига бағишланган тадб | АНДИЖОН МАРКАЗИЙ БАНКИ

Конституциявий қонун лойиҳасининг тарғиботига бағишланган тадбир

Марказий банк Андижон вилояти Бош бошқармасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган тарғибот тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари томонидан янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчаларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва уларнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Хусусан, Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага етиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошгани, яъни Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгилангани, жумладан, “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари борасидаги нормалар 3,5 баробарга, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар 3 баробарга кўпайганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, бош Қомусимизда рақобатбардош миллий иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамланаётгани алоҳида қайд этилди. Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган банк тизимига оид моддаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, ушбу тарғибот тадбирида вилоятдаги мавжуд тижорат банкларининг ходимлари ҳам  иштирок этишди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.