Get Mystery Box with random crypto!

Оқибатимиз хайрли бўлсин Бир солиҳ йигит Хизр (а.с.)ни кўрги | Ma'rifatli Tv

Оқибатимиз хайрли бўлсин

Бир солиҳ йигит Хизр (а.с.)ни кўргиси келаверадиган бўлиб қолди. Нияти унинг дуосини олиш эди. Бир шайхнинг олдига бориб: «Хизр (а.с.) билан учраштиринг», деб ялиниб-ёлворди.

— Менга яқинроқ ўтириб кўзингни юм, — деди шайх. Бир дақиқадан сўнг “оч” деб амр қилди. Йигит ўзини Каъбатуллоҳ рўпарасида кўрди. Ҳайратланди, юраклари ҳаприқиб кетди.

— Шу ерда ўтир, — деб буюрди шайх — бомдод намозини ўқиганингдан сўнг ўнг томонингда ўтирган оқ кийимли кишини кўрасан. Ўша киши Хизр (а.с.)дир. У зотга маҳкам ёпиш.

Йигит бомдод намозини ўқиганидан сўнг шошиб ўнг томонига қаради. Оппоқ кийимли хушсурат бир киши ўтирарди. Шайхнинг “ёпиш” деган сўзини моддий ёпишиш деб ўйлаган йигит у зотнинг қўлини маҳкам ушлаб олди:

— Сиз Хизрмисиз?!

— Аллоҳ оқибатингни хайрли қилсин, мени қўйиб юбор.

— Йўқ, аввал айтинг, сиз Хизрмисиз?!

— Аллоҳ оқибатингни хайрли қилсин, қўйиб юбор!

Йигит ушлаб олган кишисининг Хизр (а.с.) эканлигини аниқ билиб, кейин ундан дуо сўрамоқчи эди.

— Айтинг, — дерди у. — Хизрмисиз, ростини айтинг?!

Шунда Хизр (а.с.) деди:

— Эй йигит! Кеча сени каромат билан бу ерга келтириб қўйган киши бугун имонсиз ҳолда дунёдан кўз юмди. Оқибатинг хайрли бўлсин деб дуо қиляпман, бундан ортиқ сенга нима керак?!

Ҳа, бир умр имон билан, ибодат билан ўтяпман деб ғурурланиб юрган инсон охирги дақиқаларда адашиши, шубҳаланиб қолиши, натижада тили калимага бормаслиги ҳам мумкин. Аллоҳ асрасин!

“Ҳикматли латифалар ва нишонга урилган сўзлар”дан

@marifatlitv