Get Mystery Box with random crypto!

#ТЕЛЕФОНДАГИ_СУҲБАТ... Қизим қилди қўнғироқ, Овозида ҳая | Marhabo Karimova

#ТЕЛЕФОНДАГИ_СУҲБАТ...

Қизим қилди қўнғироқ,
Овозида ҳаяжон.
Деди: - Сизни кўришга
Бормоқчийдим, онажон.

Кеча ўтсам бўларди.
Ўғлимнинг мазаси йўқ,
Синдирибди қўлини,
Биласиз-ку, ўзи шўх.

«Қарасанг бўлмасмиди?!»
Деб уришди дадаси,
Бир нарса бўлса, менга
Ёпишади ҳаммаси.

«Бепарвосиз» деб роса,
Жаврадилар қайнонам.
Яхши ҳам дам олишга,
Кетгандилар қайнотам.

Овсиним ҳам, туғдим деб,
Қўлин урмайди ишга,
Супур, сидир, кир, овқат,
Кўмилганман юмушга.

Ён қўшним эримни бир,
Аёл билан кўрипти,
Шу кунларда ўзи ҳам,
Бошқачароқ юрипти.

Оғрияпти симиллаб,
Негадир чап курагим,
Бирон дори ичсамми,
Санчияпти юрагим.

Кейинги ҳафталарга,
Бир оз бўшаб қоламан,
Болаларни боғчадан
Оламану бораман.

Бир халта олма, узум,
Пишираман қатлама,
Анжир олиб борайми?
Нима ейсиз, айтинг-да.

Энди қон босимингиз,
Ошмай қолди яхшиям.
Мол ёғи, қуйруқ ёғин
Еманг энди астиям.

Дедим:
-Қон босим ҳайвон
Ёғидан ҳам ошади,
Болаларнинг ўй, ташвиш,
Доғидан ҳам ошади.

Овозингни танибоқ,
Дори ичиб олгандим,
Бир ғамни айтмасайди
Деб ташвишда қолгандим.

Деди:- Қилиб берайми,
Ёғсиз гўштдан чучвара?
Қатиқ кўкатлар солиб,
Ичиб олардингиз-да.

Шодлик элексири бор,
Дейдилар шоколадда.
Есангиз олиб борай,
Яхшисидан бир халта.

Дедим:- Шоколадингдан,
Ҳар кун олиб е ўзинг,
Қайнонангга, эрингга,
Кулиб турсин юз-кўзинг.

Ташвишингни уйингга,
Кўмиб келгин, жон қизим,
Менинг олдимга фақат
Кулиб келгин, жон қизим!

Қайнонангнинг самимий
Саломини олиб кел.
Эрингнинг фақат ширин,
Каломини олиб кел.

Ёмонлаб келсанг, мен ҳам
Ёмон кўриб қоламан,
Учрашганда уларга,
Қовоқ солиб оламан.

Яна ўзингга қийин,
Ниналарин санчишар,
Сени бир чивин чақса,
Менинг жоним ачишар.

Болаларинг ҳақида ҳам,
Эшитай яхши хабар,
Йиқилмасин, синмасин,
Ўзинг ҳам бўлма касал.

Эринггаям куюнма,
Ғамдан сўлади юрак,
Ўзингни эҳтиёт қил,
Эрга соғ хотин керак.

Жон болам, жигаргўшам,
Қилгин сабру қаноат,
Келгин бизникига ҳам,
Эринг берса ижозат.

Бир ёзилиб кетасан,
Марҳабо ҳам келади.
У шеър айтса, кеннойинг
Ўйин тушиб беради.

Бизнинг уйда яшаш йўқ,
Кенг дунёни тор қилиб,
Қўшиқ айтиб бераман,
Ўқлоғни «дутор» қилиб.

Халта-палта кўтарма,
Суюнсин десанг, онам
Юрагингни тўлдириб
Қувонч олиб кел, болам.

Марҳабо Каримова


https://telegram.me/joinchat/AAAAAELBPnLrsjX0_4MFhw