Get Mystery Box with random crypto!

Ҳудудгазнинг Фарғона вилоят бўлимидан табрикнома келди. Мустақ | MA-News

Ҳудудгазнинг Фарғона вилоят бўлимидан табрикнома келди. Мустақиллик байрамига! Нима дейишни билмай қолдим рости. Раҳмат деб ўзлариниям табриклаш қоидага кўра мос келади. Бироқ табриклаб туриб кейин яна улар ҳақида гапириш ноқулай бўлади.

Қийин а журналист ва блогерларга? Мисол учун, ХТБ ходимлари билан яхши муносабатда бўласиз, чунки ростдан ҳам яхши муомала қилишади. Лекин фуқародан мурожаат тушса, ХТБни танқид қилишга тушасиз... Прокуратура, ИИБ, Ҳокимият вакиллари билан яхши салом-алик қиласиз, лекин эртасига мурожаат тушса, бу нима қилиқ деб ёзиб чиқоврасиз... Ишимиз тушунарсиз.

Ҳудудгазлар ҳам шундай. Газ масаласида аввалроқ ёзилганди. Бошқа блогер дўстларимиз ҳам коррупцион ҳолатларга, бир қанча жойлардаги ҳудудгаз ходимларига иш қўзғатилганини, яқин кунларда суд ҳам бўлиб ўтишини ёзишди. 50 тача оҳак цехларнинг қарздорлигини кўрсатиб, улар ҳозирда ёпилганиниям қистириб ўтишди.

Гап фақат оҳак цехларида эмас, ошхоналардаям шу аҳвол, кулолчиликдаям шундай ҳолатни кузатса бўлади. Ҳатто "Метан заправка"ларда ҳам чиқади бунақа ишлар. Лекин ҳозирча айрим оҳак цехларинин ўзи ёпилган.

Биллинг газ бизда адашмасам 4-5 йил бўлди бошланганига. Бизни Ҳудудгаз Фарғона бўлимига олиб бориб, кўрсатишган ҳам қандай ишлашини. Газ баллонларини ташийдиган мошиналар қаерда турганигача локациясини кузатиб туришаркан.

Қайси метан заправка ишлаяпти, ҳатто, 04 хизматидаги транспортлар қаерда ҳаракатланаётганигача кўриб туришади. Вилоятдаги ҳар бир истеъмолчининг қанча ҳаққи бору, қанча қарзи борлигигача кўриниб тураркан.

Энди шунақа мукаммал экан, нега одамлар қўшиб ёзиб қўйибди ва ҳоказо эътирозларни билдиришда давом этмоқдалар деган ҳақли савол туғилади.

Гап шундаки юмалоқ ҳисоблагичлар паст босимниям ўтказовради, лекин ақлли ҳисоблагичлар ўтказмайди. Бунда газ ходимлар "иш" қилолмай қолишади. Одамлар ёққанига тўлайди. (Газнинг йўқлиги алоҳида масала.)

Шу ақлли ҳисоблагичларни алмаштиришда одамларимиз ҳушёрроқ бўлишлари керак. Чунки айнан мана шу алмаштириш пайтида одамларни қарзга тиқиб қўйиш ҳолатлари бўларкан. 1 сўмни 3 сўм қилиб ёзиб қўйишаркан, барака топкурлар!

Энди, гапимиз бошида айтганимиз масалани эслаймиз. Тадбиркорларга, яъни оҳакчилар, ғиштчилар, метанчилар, кулоллар, ошхоначилар, тўйхоначилар масаласи. Уларнинг айримлари кимгадир ишониб шу бизнесга қўл урганлиги аниқ. Олдиндан тўлов қилмасаям, айрим "катталар"нинг қўнғироғидан кейин тўлов қилинмасаям газ бериловрган. Тўлов эса орқага суриловрган. Бироқ ҳар бир харажатнинг бадали бор. Ўша бадал сизу биздек қора ҳалқнинг бўйнига тушиши ақлли ҳисоблагичларнинг алмаштириш жараёнигаям тўғри келади.

Кўриниб турибдики, айрим тадбиркорларнинг еганига оддий халқ тўлов қилишга тўғри келади. Оқибатда эътирозлар келиб чиқади. "Танка"си бор тадбиркорга газ бермаса, яна ишкал! Ундан кўра, озроқ соққасини олай, ёқиб берей дегувчилар пайдо бўлади. Халқдан ундирамиз ёки биронтасини ўғрилаётганини кўриб қолсак, ўшанинг бўйнига юклаймиз деб қўйиловради.

Энди инсон омили Биллинг тизимига аралашолмаса ҳам, уни янги ўрнатаётган пайтда инсоннинг қўли бўлади. Маълумотларни инсон киритадида ахир. Тушундингизми, ақлли ҳисоблагични ундан ҳам ақлли инсонлар қандай алдаб қўйишларини?

Бу ҳолат биргина бизнинг вилоятда эмас, барча вилоятларда, туман ва шаҳарларда шундай давом этади. Бироқ ҳозирча бизникилар 10 дан ортиқ газ ходимлари билан "дилдан суҳбат" қуришмоқчи. Қани суҳбатнинг якуни қандай тугайди, буни энди Суд ҳал қилади.

Унгача, мен ҳам Ҳудудгаз ходимларини Мустақиллик байрами билан табриклайман! Том маънода мустақил бўлинг! Ҳеч қандай қўнғироқлар сизни амалга оширолмай қолган ишингизни тўхтатиб қололмасин. Халқ манфаати учун бўлган қўнғироқлар истисно. Тадбиркорни қўллаш яхши, бироқ мамлакатнинг асосий бойлиги халқдир. Халққа ўз ҳаққини беришни унутмасангиз бўлгани.

Эринмай ўқиганингиз учун раҳмат!