Get Mystery Box with random crypto!

Ҳозир осон машҳур бўлиш учун иккита йўл бор: ё радикал диндор | МанаУят | ҒС(А)

Ҳозир осон машҳур бўлиш учун иккита йўл бор: ё радикал диндор бўлиш, ёки диндорларни танқид қилиш. Фақат иккаласидаям муҳим шарти — "оғиз шалоқ бўлиши лозим".

Диндан, унинг таълимотидан хабари бўлмаган атеист, агност, динофоб ёки ўзини кўрсатмоқчи бўлган олифта ўз миясида шакллантирган принципларга асосланиб, сўзини "бисмиллаҳ"дан бошлаган ҳаммага тош отиб чиқяпти.

Шу ўринда ўзидан дин ҳимоячиси ясаб олганлар эса, улардан баттар авжга чиқиб, ҳаммани "дўзаҳий" деб эълон қилмоқдалар.

Жамиятимизда бўлиниш олиб келаётган шу икки тоифа инсонларга, минг афсуски, озгина фаросат, бирозгина илм етишмаяпти. Кар эшитганини, кўр тутганини қўймас, деганларидек, улар ҳам битта мақомга тушиб олганча, ўзларидан бошқа барча мақомдагиларни хато йўлда деб ҳисоблашяпти.

Маймундан тарқаганларни бопладим, деяётганлар, қўлларига китоб олиб, тарихни, пайғамбарлар, саҳобалар, солиҳлар ҳаётини ҳеч бир ўқиб кўришганмикин? Қайси ўринда шундай инсонлар бебаҳо вақтларини беҳуда сарфлаган ёки кимнидир "тўғри йўлга солиш учун" ҳақоратлаган эканлар?

Ёхуд диннинг ўзгармас қоидаларини тан олмайдиган ва уларга қарши чиқаётганлар ҳеч бир ўйлаб кўрганмикинлар, алифбони билмай туриб, буюк асарлар ёзилиши мумкин эмаслигини? Буюк асарлар асоси ҳарфлардан тузилганидек, диннинг ҳам асоси белгилаб қўйилган фарз, вожиб, суннат...лардан иборат. Афсуски, бу каби инсонлар даъвосига кўра, ҳарфларни ўрганмасаям бемалол бестселлер яратса бўлади. Энг ёмони, булар шахс ва динни битта нарса деб ўйлашади, динни ўрганмай туриб, шахсга қараб динни ёмонлашади. Ваҳоланки, ҳар бир шахс индивидуал характерга эга, дин белгилаб берган қоидаларга ўзидан келиб чиқиб ҳаракат қилади.

Жамиятимизда тобора юқоридаги икки тоифанинг радикаллашуви авжга чиқиб бормоқда. Оқибати албатта яхши бўлмайди. Иккала томоннинг камчилиги соғлом ақл билан бир-бирини тинглашни билмайди — фақат ва фақат ўзаро камчилик излаш ҳамда ҳақоратлаш билан овора. Гўзал одоб, ҳусни хулқ деган нарсалар йўқолиб бормоқда. Буларнинг касофатига учинчи тоифа инсонлар — ҳусни хулқ ва соғлом ақл эгалари (улар хоҳ диндор бўлсин, хоҳ атеист) зарар кўрмоқдалар.

Сўзим якунида барчани бошқаларни эшитишга, кибрга берилмай, ўзидан илмли инсонлардан маслаҳат олишга, бирор гапга муносабат билдиришдар аввал, унинг мағзини чақишга, энг муҳими, жамиятимиз орасида бўлинишни юзага келтирмасликка чақириб қоламан.

@ManaUyat