Get Mystery Box with random crypto!

Вазирнинг навбатдаги “Сайёр қабули” Чиноз туманида ўтказилди | Maktablar uchun hujjatlar

Вазирнинг навбатдаги “Сайёр қабули” Чиноз туманида ўтказилди

Бир неча кундан буён соҳада аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва жойида ҳал этиш мақсадида “Сайёр қабуллар” ўтказилмоқда.

Навбатдаги “Сайёр қабул” Тошкент вилоятининг Чиноз туманида “Эшонобод” маҳалласида ўтказилиб, ҳар бир мурожаат этган фуқаронинг масаласи тингланиб, унинг ечими юзасидан аниқ чоралар белгиланди.

Қабулда 40 га яқин фуқаро соҳага оид 28 та масала юзасидан мурожаат қилди.

Фуқаро мурожаати асосида Чиноз туманидаги 9-сонли мактабни капитал таъмирлаш бўйича 2023 йилги Инвестиция дастурига киритиш учун таклиф берилади. Шу каби фуқароларнинг мурожаати асосида Чиноз туманидаги 44, 41, 34, 37, 40, 29, 30-сонли умумтаълим мактабларига спорт заллар қуриш келгуси йилларда маҳаллий ҳокимликлар билан бирга ҳал этиш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Сайёр қабулга келган ҳар бир фуқарога мамлакатимизнинг бугунги сиёсати, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқни рози қилиш, бунинг учун маҳаллабай муаммолар ўрганилиб, масалаларни ҳал этиш учун маблағлар ажратилаётгани, шу қаторида мактабларга ҳам эътибор қаратилаётгани тушунтирилди.

Вазир қабулга келган фуқароларга мурожаат мазмунидан келиб чиқиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар, Президентимизнинг халқ таълими соҳасига қаратаётган эътибори, жорий йилда мактабларда шароитларни яхшилаш учун қарийиб 800 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида ҳам 700 дан ортиқ мактабларнинг моддий- техник базаси яхшиланаётганлигини таъкидлаб, бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилишини тушунтирилди.

Қабулда йўлланган 8 та масалани жойига чиқиб ўрганилганидан сўнг, аниқ ечими бўйича таклиф бериш тўғрисида вилоят ва туман халқ таълими бўлими бошлиқларига топшириқ берилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Андижон вилоятида ҳам Халқ таълими вазирлигининг “Сайёр қабули” ташкил этилди.