2023-01-02 10:06:17
#Билим_ҳақида
Саҳрода кетаётган одам узоқдаги саробни кўрди-да, ўша ерда сув бор деб ўйлаб, ўша томонга борди. Бориб қараса сув йўқ, оддий сароб экан. Аммо шу жойдан сал нарида сув бор экан. У одам сув бор жойга тўғри борди, аммо хато асосга кўра борди. Яъни саробга ишониб борди. Бироқ тасодифан мўлжали тўғри чиқди. Яъни сув бор экан.
Шунда ўша одам сув ўша томонда борлигини билган деб айта оламизми? Яъни бу билиммиди? У одамнинг тахмини тўғри чиқди, яъни сув бор, аммо тахмин бошқа нарсага асосланганди. У одам сув борлигини билган эди деб айта олмаймиз, гарчи сувни ўша ерда топган бўлса ҳам.
Мен буни билган эдим дейиш учун тахмин нафақат тўғри чиқиши керак, балки ўша тахминни илгари сураётган вақтда келтирилган асос ҳам тўғри бўлиши керак. Агар асос хато бўлса-ю, тахмин тўғри чиқса, буни билиш дейилмайди, балки тасодиф дейилади.
Кимдир бирор нарсани аввалдан башорат қилса-ю, у тўғри чиқса, шунинг ўзи у аввалдан билганига етарли далил эмас.
Буни эпистемологияда JTB (Justified true belief) назарияси дейишади. Бу ерда билимнинг шунчаки ишончдан фарқи унда асоснинг хулосага тўғри келиши ва хулосанинг ҳам тўғри чиқиши тушунилади. Иккисидан бири бўлмаса, у тасодиф ёки оддий ишонч бўлиб қолади.
Асос + тўғри чиқиш + ишонч = билим. Асос бўлмаса, қуруқ ишонч бўлади, агар хато чиқса, ўз-ўзидан бу билим эмас. Бошқача айтганда, асос топилгунча ҳар қандай таъкид (statement) ишончдир. Асос ва ишонч бўлса-ю, хали текширув босқичида бўлса (яъни "тўғри чиқиш" элементи йўқ), гипотеза бўлади. Яъни гипотезани илгари суриш учун ҳам муайян асос ва унинг тўғри чиқишига ишонч лозим.
PS. JTB мукаммал назария эмас, аммо билим масаласида мени қониқтиради.
@maktabim_yangiliklari_14
75 views🅞🅛🅛🅞🅑🅔🅡🅓🅘 ㅤㅤ, edited 07:06