Get Mystery Box with random crypto!

Совутиб қўйманг Тонгда пиёлада қайноқ турса чой, Дастурхон че | MAKTABGACHA TA'LIM TARBIYACHILARI

Совутиб қўйманг

Тонгда пиёлада қайноқ турса чой,
Дастурхон четида етмай турса жой.
Меҳрдан мавжланиб оқиб турса сой,
Иссиқ ўрнингизни совутиб қўйманг.

Отангиз кафтидан тўлиб дуолар,
Йўлингизга сочиб турса зиёлар.
Алишмай меҳрга ёлғон риёлар,
Асл уйингизни совутиб қўйманг.

Жигарнинг сеҳридан аълоси йўқдир,
Чунки қонин рангги меҳридан тўқдир,
Тинмай йўқлаб туринг оқибат шудир,
Шафқат сўзингизни совутиб қўйманг.

Дўстлар даврасига шошилинг дарров,
Ахир ғаниматсиз келгансиз бирров.
Фақат соғинчларга қўйиб сиз гаров,
Иссиқ ўрингизни совутиб қўйманг.

Хатто қўни қўшни бутун қондошим,
Тўйю, маракада елка ёндошим.
Хатосин қидириб шошиб диндошим,
Кўнгил уйингизни совутиб қўйманг.

Замон деб одамлар қилиғин қилиб
Уч кунлик дунё деб юракни тилиб,
Беҳуда изларни ўринли билиб,
Жаннат уйингизни совутиб қўйманг.

Ёлғончи шамолга тафтингиз бериб,
Нураган тоғларга кўксингиз кериб,
Сўнгги пушаймондан кўз ёшлар териб,
Бугун меҳрингизни совутиб қўйманг
Шалола Жалолова 2022
https://t.me/Maktabgacha_talim_mtv