2022-07-06 17:27:40
Мактабда сўнгги қўнғироқ чалинган бўлса ҳам битирувчи синф ўқувчиларига нималар дегин келади, юз марта тарбиявий соатлар ўтган бўлсанг ҳам битирувчиларга катта ҳаёт бўсағасида турган болаларга бир умрга татигулик насиҳатларни бергиси келади, устозларни. Сўнгги синф соатларида айтган пандларинг унинг ҳаёт йўлида доим йўлчи маёқ бўлиб юришини, синф раҳбари берган тарбия ўгитларини доим эсланиб юришини истамаган муаллим бўлмаса керак. Одатда синф раҳбарининг жайдари, ташкилий мазмундаги гаплари бола қалбида эсда қолмайди. Сийқаси чиққан гаплар бугун гапирилади, эртага болаларни эсидан чиқади. Бундай фаолият кунлик, иш учун керак, халос. Синф раҳбарининг тарбияси бир умрга татигулик сабоқ бўлмоғи лозим. Мактабда нечта синф бўлса шунча синф раҳбари бор. Бу ўзига яраша катта тарбия кучи. Темир йўлда локоматив бир неча вагонларни тортувчи, кучли, орқасидан эргаштирувчи поездни бошловчи вазифасини бажарса, синф раҳбарининг 30-35 бола учун вазифаси ҳам ҳудди локоматив-бошловчига қиёслагим келади. Аслида, педагог сўзини маъноси ҳам етакчи дегани. Синф раҳбари қанчалик замонавий локоматив сингари тез, ташкилотчи сифатида кучли, уддабурон, билимли, иш юритувчи бўлса тарбия йўли шунчалик равон, бир маромда, сифатли бўлади. Тарбия манзиллари, тарбия бекатлари обод, тарбияланувчилар эса шунчалик ҳаётдан завқланадилар. Аслини олганда, синф раҳбарининг иши кўп қиррали, жуда мураккаб фаолият тури. Тажрибалар шуни кўрсатадики, синф раҳбарининг феъл-атворини маълум бир қисми у тарбия бераётган боланинг шуурига ўтади. Айниқса, бу қуйи ва ўрта синфларда яққол намоён бўлади. Унинг ҳатти - ҳаракатларини болалар зимдан кузатадилар ва унга тақлид қиладилар. Шундай экан, синф раҳбари ҳар тамонлама намунали бўлиши керак. Синф раҳбарини бир умрга болалар қалбида қолишини истаса ўзи аввало ҳалол одам бўлиши керак. Ҳалоллик- барча тарбия жараёни асоси, дебочасидир. Мактабга қабул қилинган болаларни ҳаммаси аслида бир хил, дунёга келишлари ҳам бир хил.Мактабга болаларни дастлаб гўёки ёзилмаган тоза оқ қоғоз каби қабул қиламиз, унга қандай тарбия битикларини битамиз у бизга, биз тарбиячиларнинг касб-коримизга, ишимизга ҳалол ёндошишимизга боғлиқ. Табиатан фидоий ўқитувчилар, синф раҳбарларининг мақоми эл ичра баланд юради. Устозлик, тарбиячилик - улуғ мақом. Мартабаси улуғ устоз мақомига айнан мактаб ёшидаги болаларга сабоқ бераётган устозларда эришиш имконияти бисёр. Устозларнинг мартабаси тарбияланувчилар, жамоатчилик қалбида бир умрга қолади. Яъни, устознинг мартабаси ўқувчиларга қилган хизмати, уларга яхшилиги билан белгиланади. Устознинг ҳалоллиги эса ҳар қандай мартабани безайди. Дарсларни астойдил чин дилдан, ҳалол ўтган, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини болалар билан камарбаста тутган синф раҳбарларини болалар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам севади ва умрини охирига қадар ҳурмат қилади. Синф раҳбарлари ҳақидаги унитилмас хотиралар узоқ йиллар давомида турли давраларда, гап- гаштакларда жамланган собиқ тарбияланувчиларнинг ҳалоллик ва эзгуликка оид суҳбатларига бош мавзу бўлади. Куни кеча юқори мансабга эришган бир киши мактабдаги устози-синф раҳбарини катта даврада, кўпчилик олдида шундай илиқ сўзлар билан ёдга олди: ”Мени шу даражага эришишимга мактабдаги математика ўқитувчим, айни бир вақтда синф раҳбаримни ҳиссаси катта бўлган. У киши беш йил синф раҳбари ва математикадан сабоқ бериш жараёнида ҳалолликда ҳам, қаттиққўлликда ҳам бизга намуна эдилар. Айниқса, математика дарсларида каср, процентлар мавзусини ўтаётганларида олма, мандаринларни ўзлари ҳарид қилиб олиб келиб, бизга шулар мисолида уларнинг ярми, чораги, улушларини эринмай тушунтириб процентларга ўтказиб берар, дарс сўнгида бутун синф болаларига “кўргазмали қурол”- кесилган хўл меваларни ўзимизга тенг тақсимлаб берар эдилар. Мен бир умр каср ва процент масаласида фаолиятим давомида қийналмадим. Математика дарслари биз учун шу қадар қизиқарли эдики, кейинчалик кўпчилик ушбу фандан имтиҳон топшириб, олий маълумотли бўлдилар.
184 views✯⁞⁞⁞⁞⁞ 𝑬𝑳𝑰𝒀𝑬𝑽 𝑺𝑶𝑳𝑰𝑿 ⁞⁞⁞⁞⁞✯, 14:27