Get Mystery Box with random crypto!

Хабар қилганимиздек, халқимизнинг умуммиллий бойлиги ҳисоблана | Madaniyat.uz I Rasmiy kanal

Хабар қилганимиздек, халқимизнинг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш мақсадида Фарғона вилоятида олиб борилаётган ишлар билан танишишни давом эттирдик.

Хусусан, Қўқон шаҳрида маданий мерос объектларидан фойдаланиш ва мазкур объектларда тадбиркорларнинг умумий маданий хизмат кўрсатиш борасидаги янги лойиҳалари бу ҳудудда маданият ва санъатнинг аҳоли ҳаётида нечоғлик муҳим ўрин тутишини кўрсатди.

Шунингдек биз Қўқон шаҳридаги 26-сон умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 7-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабларида ҳам бўлиб ушбу даргоҳлардаги таълим жараёнлари билан яқиндан танишдик. 26-мактабда ташкил этилиши режалаштирилаётган Болалар бадиий ҳаваскорлик ансамбли фаолиятини йўлга қўйиш борасида дутор, доира, қонун, чанг, қашқар рубоби каби чолғу асбоблари чалиш бўйича маҳорат дарслари ўтиб бердик. Энг муҳими мазкур ансамблга аъзо бўлиш истагини билдирган ўқувчилар салмоғи бизни мамнун этди.

Тонг саҳардан шомгача бўлган вақт давомида Фарғона вилоятида санъат ва маданият ривожи жараёнлари билан танишиш асносида шаҳарни пиёда кезиб, кечга бориб анча толиққанимизни ҳис қилдик. Шундай пайтларда маънавий озуқа маданий ҳордиқ ҳам чарчоқни анча енгиллаштиради. Кечга яқин Фарғона вилоят рус драма театрига ташриф буюриб “Бахтсиз куёв” спектаклини Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев билан биргаликда томоша қилдик.

Спектаклдан олган таассуротларимиз беқиёс. Актёрларнинг маҳоратига тан бермай илож йўқ. Театр жамоасининг келгусидаги ижодий ишларига муваффақиятлар тилаб, водий бўйлаб сафаримизнинг яна бир кунига якун ясадик.

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Маданият вазири

Madaniyat.uz | Facebook | Instagram | YouTube