Get Mystery Box with random crypto!

Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Респуб | Madaniyat.uz I Rasmiy kanal

Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги Қарори асосида жойларда аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтларининг мазмунли ўтишини таъминлаш, бадиий ва ижодий жамоалар, ҳаваскорлик гуруҳларини ташкил этиш, болаларни тўгаракларга жалб этиш ишлари амалга оширилмоқда Жумладан, шаҳар ва туманларда Маданият марказлари ташкил этилиб, уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, Қувасой шаҳридаги Дўстлик маданият маркази ҳам тўлиқ давлат бюджети асосида молиялаштирилиб мукаммал таъмирланди ва куни кеча қувасойликлар ихтиёрига берилди. Мазкур бинонинг очилиш маросимида биз ҳам иштирок этдик. Аҳолининг марказ фаолияти ҳақидаги фикр-мулоҳаза ва таклифлари билан қизиқдик. Аслида ҳам қувасойликларнинг санъатга меҳри бўлакча. Агар ушбу маданият маркази белгиланган талаблар доирасида фаолият олиб борса, концерт дастурлари ёки турли маданий тадбирлар ташкил этилса нафақат ёшлар, ҳатто энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган нуроний отахону онахонларимиз ҳам албатта бу ерга келишади ва марказ қувасойликларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун энг севимли масканига айланади.

Сафаримиз давомида бир қатор маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан биргаликда Қувасой шаҳридаги Намуна маҳалласида ҳам бўлиб, фуқароларнинг кайфияти, уларнинг орзу- умидлари билан қизиқдик. Самимий мулоқот чоғида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, миллий маданиятимизни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида фикр-мулоҳаза алмашдик.

Шунингдек,маҳалланинг кам таъминланган хонадонларида ҳам бўлдик, уларнинг ҳолидан хабар олиб, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан янги уйлар барпо этиш бўйича ҳам ўз ташаббус ва таклифларимизни бердик. Водий бўйлаб сафаримиз ҳали давом этмоқда.

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Маданият вазири

Madaniyat.uz | Facebook | Instagram | YouTube