Get Mystery Box with random crypto!

ҲАР ЙИЛИ ҚУРБОНЛИК ҚИЛАДИГАН ОДАМ ҲАЖ САФАРИГА КЕТСА CАВОЛ: М | Mabrur.uz

ҲАР ЙИЛИ ҚУРБОНЛИК ҚИЛАДИГАН ОДАМ ҲАЖ САФАРИГА КЕТСА

CАВОЛ: Мен ҳар йили қурбонлик қилар эдим, бу йил ҳам қурбонлик қилишни ният қилган эдим. Аммо бу йил муборак ҳаж ибодатини адо қилиш насиб қилиб ҳаж қилиш учун кетаяпман. Шу ҳолатда қурбонлигимни қандай адо қиламан?

Mabrur.uz 395-савол
#Динда_саволим_бор

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аллоҳ таоло сафарингизни Ўзи осон қилсин. Қурбонлик вожиб бўлиши учун киши муқим бўлиши керак, сафарда юрган мусофирларга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.

Мусофир киши қурбонлик қилинадиган кунлар ўтиб кетишидан аввал муқим бўлиб қолса, бу ҳолатда унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлган бой киши қурбонлик қилиш мақсадида қўй сотиб олиб қурбонлик қилинадиган кунлар келишидан аввал сафарга чиқиб кетса, унинг зиммасидан қурбонлик соқит бўлади. Аммо бойлиги нисобга етмаган ва шу сабабли унга қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган киши қурбонлик қилиш мақсадида қўй сотиб олса, қурбонлик қилиш учун қўй сотиб олиш билан қурбонлик қилишни назр қилган ҳисобланади ва бундай киши қурбонлик қилинадиган кунлари сафарга чиқса ҳам унинг зиммасидан қурбонлик соқит бўлмайди. Номидан қурбонлигини сўйиш учун бирор кишини вакил қилиб тайинлайди (Фатавои Ҳиндия).

Демак, агар сизни нисоб миқдорида молингиз бўлиб сизга қурбонлик қилиш вожиб бўлган бўлса ва ҳох қурбонлик қилиш учун қўй сотиб олган бўлсангиз ҳам ёки сотиб олмаган бўлсангиз ҳам бу кунларда сафарда бўлганингиз сабаб сиздан қурбонлик соқит бўлади.

Агар сизни нисобга етган молингиз бўлмаса ва сизга қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган бўлса, қурбонлик қилиш учун қўй ҳам сотиб олмаган бўлсангиз сизга қурбонлик вожиб эмас. Лекин қурбонлик қилиш учун қўй сотиб олган бўлсангиз номингиздан қурбонлигингизни сўйиш учун бирор кишини вакил қиласиз.

Бу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратишингиз лозим. Агар ҳаж сафарида муқимлик ҳолатини топсангиз яъни Маккада унга борганингиздан бошлаб Минога чиқадиган кунингизгача ёки Минодан қайтганингиздан кейин 15 кун турсангиз қурбонлик вожиб бўлади. Уни ўша ерда ёки вакил орқали ўз уйингизда сўйдиришингиз вожиб бўлади.

Яна шуни таъкидлаймизки, мазкур қурбонлик ва ҳаждаги жонлиқ сўйиш масалалари бошқа-бошқа масалалардир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Каналга аъзо бўлиш учун ушбу линкни босинг!
https://t.me/joinchat/AAAAAFBsDkt79gLMZp8pvQ