Get Mystery Box with random crypto!

МУАЛЛИМ ВА КАЪБАТУЛЛОҲ (Ривоят асосида) Бир бой яшаб ўтибди, | KUTUBXONACHI

МУАЛЛИМ ВА КАЪБАТУЛЛОҲ
(Ривоят асосида)

Бир бой яшаб ўтибди,
Бисёр молу-давлати.
Иймони қадар юксак,
Салобати, савлати.

Мўмин эди чинакам,
Ибодатдан қолмаган.
Ғарибу - ғурабога,
Эҳсон қилиб толмаган.

Ҳар гапида минг маъно,
Ҳар сўзи ифодали.
Бор эди, бойнинг битта,
Муаллим биродари.

Кириб ойи Зулҳижжа,
Бўлиб Зулқаъда ниҳон.
Муаллим ошнасини,
Йўқлаб борди ногоҳон.

Қалби шодланди устоз,
Қувончи мисли қўрғон.
Ёзди тор ҳовлисига,
Кўнглидай кенг дастурхон.

Гурунг чоғи икковлон,
Гоҳ шодон, гоҳ бўзлади.
Ниҳоят бой, дўстига,
Муддаосин сўзлади.

- Биродарим, мен асли,
Бир аҳд билан келгандим.
Сен ҳам яхши ният-ла,
Ҳажга борсанг, дегандим...

Шундай дея, ийманиб,
Нигоҳлаб ўнг-сўлига.
Тилло тўла қопчани,
Тутди дўстин қўлига.

Рад айлади муаллим,
Ўтиб нари-беридан.
Лек ғолиб чиқолмади,
Саҳий дўстин феълидан.

Давлатманд дўст шод бўлиб,
Қайтди изига масрур.
Кўнглида хотиржамлик,
Юрагида бир сурур.

Кунлар ўтди... муаллим,
Аҳд қилмади ваъдага.
Дарсларидан воз кечиб,
Боролмади Каъбага!

Хўб хижолат чекди у,
Дилига ғашлик инди.
Дўст ҳиммати олдида,
Не демоқ жоиз энди?!

Ахийри, муносиб бир,
Қарорга етди устоз.
Дўстининг омонатин,
Бергани кетди устоз.

Шодон қарши олди бой,
Қўйлар сўйди пойига.
Сўз топилмас шу замон,
Меҳрнинг чиройига.

Бироқ бошин кўтариб,
Келолмасди муаллим.
Дўстига не демоқни,
Билолмасди муаллим.

Сўз бошлади бой шу дам,
- Ҳожилик қутлуғ бўлсин!
Энди ҳар сўзинг шамшир,
Қадаминг ўтлиғ бўлсин!

Сени Мино тоғида,
Кўрдим, қани кел гапир.
Салом берсам, мен томон,
Қиё ҳам боқмадинг бир...

Лол боқарди муаллим,
Дўстининг кўзларига.
Мулзам эди ҳамон у,
Англолмай сўзларига.

Кейин секин ийманиб,
Нигоҳлаб ўнг-сўлига.
Тилло тўла қопчани,
Тутди дўстин қўлига.

- Кечир мени биродар,
Аҳд қилмадим ваъдага.
Дарсларимдан воз кечиб,
Боролмадим Каъбага!

Мен бир ривоят айтдим,
Балки ростдир, ёлғондир.
Не бўлса ҳам бу қисса,
Боболардан қолғондир.

Ҳеч муаммо эмасдир,
Бу жумбоқнинг жавоби.
Бир кун илм берганга,
Бордир Ҳажнинг савоби!

Ўлмасбек Самарқандий.


Kutubxonachi ‐ Rasmiy kanali.
kutubxonachi.uz | @kutubxonachiuz