Get Mystery Box with random crypto!

777 х 0 =? Бир хабарни ўқидим. Бу хабарга кўра юртдошларимиз | Kosonsoyliklar uz | Rasmiy

777 х 0 =?

Бир хабарни ўқидим. Бу хабарга кўра юртдошларимиз бир ҳафтада, диққат қилинг, бир ҳафта ичида (!) ўз автомобилларига чиройли рақамлар олиш учун 17 миллиард 843 миллион 900 минг сўм сарфлаган. Бу маблағнинг 95 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келади. 17 миллиард 843 миллион 900 минг сўм!!! Шу ҳафтада энг қиммат авторақамнинг баҳоси 206 миллион сўм бўлибди.
Мен бу хабарнинг ёлғон хабар бўлишини жуда истадим. Унчалик тилим келмаса-да “фейк” бўлсин дедим. Унчалик ёқтирмасам-да, шу дақиқаларда “фейк” сўзини хуш кўрдим. Лекин “бу ёлғон хабар” деган хушхабар келмади.
Эй менинг элдошларим, азиз юртдошларим! Элибойларим, бой боболарим! Шунча пулни мактаб учун деса сарфлармидингиз? Шунча пулни китоб учун деса сарфлармидингиз? Миллат маърифати учун шунча пул берармидингиз? Қандайдир касалликдан азоб чекиб ётган болалар учун бир ҳафтада шунча пул йиғармидингиз?
Нечук ҳашаматга мунчалар ўчмиз? Тўйлардаги исрофгарчилик устига энди рақамвозлик қўшилди. Сохта обрў нимага керак? Навбати келган рақамни олиб кетаверсак қадримиз тушиб кетармиди? Мен Эшқобил Шукур деган бир одам 333 рақамли машинада юрдим нима-ю, 359 рақамли машинада юрдим нима? Нима ўзгаради? Мен 333 рақамли машинада бошқа одамга айланиб қолармидим?
Менинг автомобилимдаги рақам 777 бўлгани билан, ўзим 0 бўлсам, нима фойда? 777ни 0га кўпайтирсангиз баробар 0, барибир 0.
Аввало ўзимиз олтин рақамли бўлайлик, маърифатимиз олтин рақамли бўлсин.

Эшқобил ШУКУР

@KOSONSOYLIK_UZ