Get Mystery Box with random crypto!

​​«Улар бир марта ўлса, биз 10 марта ўлдик». Зангиотада корона | Uu

​​«Улар бир марта ўлса, биз 10 марта ўлдик». Зангиотада коронавирусга қарши курашаётган шифокорларнинг йўқотган беморлари, қийинчиликлари ва кечинмалари ҳақида

Коронавирус пандемияси бошланганига бир йилдан ортиқ вақт бўлди, аммо унинг якуни кўринаётгани йўқ. Сўнгги пайтларда бутун жаҳонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам вирус юқтириб олганлар сони ошиб бормоқда. COVID-19’га қарши курашда энг катта юк шифокорлар зиммасига тушади.

«Дарё» мухбирлари Зангиота туманидаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар билан вирусга қарши кураш, касаллик билан боғлиқ аввалги ва ҳозирги вазият фарқи, йўқотган беморлари, ҳамкасблари ҳамда уларнинг кечинмалари ҳақида
суҳбат уюштирди.

Барно Мусаева, 50 ёшда. Педиатрия бўлими бошлиғи

Урушга ҳеч кимни сўраб жўнатишмайди

Бу
ерга келишим жуда қизиқ бўлган. 2020 йил 10 август куни ишда ўтирганимда телефон қилиб, «Зангиота-2 га болалар тушибди. Ходимлар қийналаётган экан, коронавирусни ўтказган педиатрни тезда юборинглар» деб қолишди.

22 июлда вируснинг ўрта оғир формасини ўтказгандим. Ўша пайт мен бўлиб ўтдим, дедим. Раҳбаримиз унда ҳозироқ нарсаларингизни йиғиштиринг, «Зангиота»га ишлагани кетасиз, деб айтганларида шокка тушиб қолдим.

Тўғри, иш мобайнида коронавирус билан таниш эдик. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимида ишлаганим учун ўқитилгандик. Қолаверса, беморларни ўзимиз қабул қилардик. Бевосита контактда бўлганимиз учун махсус формаларни кийиб ишлардик. Лекин ковид-марказда ишлайман деган фикр сира хаёлимга келмаганди.

Биринчи бўлиб турмуш ўртоғимга телефон қилиб айтдим. Хўжайиним «Майли, керак экансиз боринг, бу ҳам битта уруш. Урушга ҳеч кимни сўраб жўнатишмаган» дедилар. Оиламизда барча олий маълумотли бўлгани учун ҳеч ким қаршилик билдирмади.

У пайтда ҳозиргидек қатнаб ишлаш йўқ эди. 10 августда келган бўлсам, 10 сентябргача қолдик. Ҳатто уйдагилар келганда ҳам кўришишга рухсат беришмасди. Телефонда гаплашардик, холос.

5 сентябрдан уйга боришга рухсат берилди. Шундаям ҳафтада бир марта бориб келардик. Ҳозир ҳам деярли шундай. Чунки айни пайтда бемор болалар жуда кўпайиб кетган.

Келганимда 3-4 нафар бола бор эди. Шуларга қараб, тузатиб берсангиз, кетасиз, дейишганди. Болажонлар соғайишди. Лекин орадан бир ҳафта ўтиб, яна иккита бола тушиб қолди, кейин 10-12 та бўлиб кетди.

Бир куни директоримиз Дониёр Ботирович чақириб, касал болаларимиз кўпаймоқда, энди шу ерда қолиб ишланг, деди.

Ўзим ҳам COVID-19 билан оғриган болаларни даволашга ўрганиб қолганим ва уйга қатнаб ишлашга рухсат беришгани учун рози бўлдим.

Коронавирусга чалинган 25 кунлик чақалоқ

Авваллари шифохонамизга 2-3 ёшдан катта болалар келар эди. Куни кеча 25 кунлик ва 2-3 ойлик чақалоқларни қабул қилдик.

Биласизми, улар жудаям кичкина. Раҳмингиз келади. Ўзим ҳам коронавирус бўлганим учун болажонларнинг ҳолатини тушунаман. Суякларим увишиб, таъм сезмай, овқат едимми, кесак едимми билмаган пайтларим, суюқлик ичиб қусганларим ҳалигача эсимдан чиққани йўқ. Улар ҳам ёш жуссасига шу оғриқларни ҳис қиляпти.

Чақалоқларнинг аҳволи ҳозир ўрта оғир даражада. Тумов белгилари, иситма, иштаҳасизлик бор. Айниқса, 25 кунлик чақалоқ бурни битиб қолгани учун эмишда қийналяпти. Бурнини тозалаб, онасини эмишига ёрдам беряпмиз. Ҳозир уларни чақалоқлар учун мўлжалланган дориларнинг суюқ шаклларини пипиткада томизиб даволаяпмиз. Кечагидан аҳволи анча яхши.

Бир неча кун олдин бўлимга 6,5 ёшли Солиҳахон деган бир ширин қизни олиб келишди. Ёлғиз ўзини олиб қолишга тўғри келди. Сабаби онаси соғлом, уйда яна укалари бор. Онани боланинг ёнига ётқизиб қўйсам, уйдаги болаларга ким қарайди?

Уйга олиб кетиб даволанг, десам, укалари билан контактда бўлади. Юқтириб қўяди. Ота-онаси билан гаплашиб, ўзини олиб қолдим. Уйдагилари билан телефонда гаплашиб турибди.

Болалар билан ишлаганингиздан кейин ўзингиз ҳам бола бўлиб қоласиз. Улар билан бирга ўтираман, расм чизаман. Бирга мультфильм кўрамиз. Баъзида ўйинга ҳам тушиб бераман.

Батафсил

@daryo_live