Get Mystery Box with random crypto!

Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бў | KopirayterD | Portfolio

Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бўлган.
Расул Ҳамзатов


Инсон қаерда дунёга келса, шу ер унинг ватанидир. Ватан танланмайди. У ҳар нарсадан қадрли. Aлмаштирилмайди, воз кечилмайди. Расулуллоҳ саллоллохи алайхи васаллам Абу Бакр Сиддиқ билан Мадинага хижрат қилиб кетаётганларида, ортларига қараб “Агар қавмим мени чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, — деганлар.

Кишининг туғилиб-ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, оиласи, яқинлари — барчаси Ватан деган тушунчада жамланади. Ватан меҳри инсоннинг ўз оиласи-ю, ўсган юртига меҳр-муҳаббатида аксланади. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу. Улғайиб, вояга етган заминга меҳрли бўлиш, фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Ватанни севиш ҳисси инсонда туғма бўлиши мумкин, лекин уни албатта ривожлантириш ва тарбия қилиш лозим. Буни фарзандларимизга гўдаклигиданоқ сингдириш керак.

Бунга мисол: яқинда Қатарда бўлган футбол чемпионати кўпларнинг диққат марказида бўлди. Ким неча бор гол урди, ким ютди, ким ятқазди, булар унутилади. Вақтинчалик. Эришилган соврин ҳам келаси сафар бошқаларга ўтади. Лекин японларнинг ўйиндан кейин ўйингоҳни тозалаб кетишлари, уларнинг маданияти, хулқи ва одоби кўпчиликнинг эсида қолди. Улар бутун дунёга халқининг маданиятини шу йўл билан танитиб қўйишди. Асли ватанпарварликнинг кўриниши шу эмасми, аҳир? Ҳақиқий ватанпарвар ватанининг обрўсини ҳар қандай жойда, ҳар қандай ҳолатда сақлаши керак.

Ватанпарварликнинг энг олий кўриниши эса жонини хатарга қўйиб, унинг сарҳадларини ҳимоя қилишда намоён бўлади. Ватанни ҳимоя қилиш ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг вазифаси. Пайғамбар алайҳиссалом: «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида посбонлик қилиб, ухламаган кишини», деб марҳамат қилганлар. Яна “Бир кеча кундуз “рибот” — яьни душман қаршисида тик туриш бир ойлик нафл рўза ва тунги намоздан яхшидир” ҳадиси ҳам ватанни қўриқлаш қанчалик савобли иш эканини англатади.

Шу сабабдан яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан барча ҳарбийларни, ватан ҳимоячиларни, ёшларга ватанпарварлик руҳида таьлим бераётган барча устозларни табриклаймиз.