Get Mystery Box with random crypto!

ҚАЙТИШ Тўзғин хаёлимни йиғаман бир-бир, Худди, чексизликни қа | Ko‘ngildan maktublar

ҚАЙТИШ

Тўзғин хаёлимни йиғаман бир-бир,
Худди, чексизликни қамраган девор.
Серсўз тўдалардан тополмай тадбир,
Сокин узлатларни қўмсайман, эй, ёр!

Соғиниб яшайман олис қадримни,
Шаффоф ёдим юзин қопласа ғубор.
“Нечун ўғирладинг менинг қалбимни?!”–
Деган туҳматларни қўмсайман, эй, ёр!

Баъзан, замонавий, баъзан, қадимий
Шовқин-суронлардан бўлганда безор:
Орзуларим билан кечган самимий,
Сўзсиз суҳбатларни қўмсайман, эй, ёр!

Нафсу шон йўлида ором билмаган,
Кибру ғуруридан тонмаган ким бор?
Ўткинчи дунёни ҳавас қилмаган
Ғариб турбатларни қўмсайман, эй, ёр!

Ўзингга айландим – кечганда ўздан,
Бир қарорга келдим – бўлгач беқарор.
Кўнглимга қадрдон бўлса ҳам, кўздан
Ғойиб ғурбатларни қўмсайман, эй, ёр!..

Шаҳодатбону Имомназарова