Get Mystery Box with random crypto!

БОЛАЛИК ЁДИ Дадамга Саратоннинг узун кундузларида Тупроқ кўчал | Ko‘ngildan maktublar

БОЛАЛИК ЁДИ
Дадамга
Саратоннинг узун кундузларида
Тупроқ кўчаларни чангитиб бизлар,
Сўнг ўзни отардик ариқ сувига –
Талашиб толиққан қақажон қизлар.
Қуёшда гуллаган сочларимизни
Шамол тортқиласа тенгқур шоввоздай,
Чўмилиб кўкарган лабларимизни
Кулгудан тиймасдик масхарабоздай.
Офтоб қуритгунча кўйлагимизни
Ўсма қўяр эдик тошлоқ қирғоқда.
Қизиқтирмас эди у дамлар бизни
Бу кенг олам узра нелар бўлмоқда?
Маймунжонлар ўсган тутзор ичида
Излаб бекинмачоқ ўйинига жой,
Савол берар эдик бир-биримизга:
“Қизлар, кимнинг дадаси энг бой?”
Ҳамма ўз дадасин бой деб биларди,
Эшитмай бир-бирин хитобларини
Баравар сўзлашса дугоналарим,
Ўйлардим дадамнинг китобларини,
Китобларга тўла токчамизни ҳам.
“Менинг дадам энг бой!”
Бу хитоб ичимда янграрди фақат,
Фақат юрагимда берарди садо.
Заиф вужудимда етмасди тоқат,
Бўғзимга тиқилиб қоларди нидо.
Жанжални унутиб дугоналарим
Баравар сўзларди боқиб мен томон:
“Нега сен ҳамиша ўтирасан жим,
Менинг дадам энг бой демайсан, дугон?”
Силталаб ташлардим уларни бирдан,
Ўйиндан чиқардим юлқиниб, араз.
Ҳолбуки, йўқ эди ҳали чин дардим,
Ҳолбуки, йўқ эди кўнглимда ғараз.
Сўнг мукка тушардим китобларимга
Ҳамма мендан хафа, дея ҳойнаҳой.
Уйимиз тўларди хитобларимга:
“Менинг дадам энг бой!”
Дадам, вазмин дадам, муаллим дадам
Собиқ қўрбошига эди набира,
Умр синовларда хўп тобласа ҳам
Нолимас, шикоят қилмасди сира.
Чироқсиз уйларда ҳис этдик балки
Муаллим касбининг асли нелигин,
Биз ухлагач, секин кўтарар эди
Дафтар текширмоққа чироқ пилигин.
(“Менинг дадам энг бой!”)
Дада, таскин излаб ҳоридим, рости,
“Энг”лар орасида сарсон умримга.
Қачондир етади қисматнинг дасти
Юрак деб аталмиш ғамгин қумримга.
Болалик елдайин учди-кетди-да,
Осон унут бўлди ўша нолалар.
Лек ҳамон шовқинлар шундоқ қаршимда -
Беғубор, беҳадик, нодон болалар:
“Менинг дадам энг бой!”
01.11.2016