Get Mystery Box with random crypto!

Қатнов йўлини ҳам сотиб оламиз... Одатда, тадбиркорларга йўл | Komil Ahmedov

Қатнов йўлини ҳам сотиб оламиз...

Одатда, тадбиркорларга йўл бўйидан савдо дўконлари, нуқталари, мажмуалари қуришдан мақсад улар орқали ўша ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ҳакозалардир.
Бу давлат ҳам, тадбиркорга ҳам манфаатли ҳамкорликдир.
Аммо...
Ҳа, бунинг ҳам аммоси бор.

Аммо шундай тоифадаги тадбиркорлар борки, у қайсидир манфаатдор билан, ундан кейин архитектор билан, кейин яна бир масъул билан келишади-да, дўкон қуришга рухсат олади.
Архитектурик чизмаларда муайян ҳудуд белгиланса-да, аммо уддабурон тадбиркор бу ҳудуддан чиқиб кетади ва дўконини кенгайтиргиси “қистаб кетиб”, белгиланган ҳудуддан ташқари майдонларни ҳам эгаллаб олади.

Натижада унинг манфаати қониқса, аҳолининг, ҳеч бўлмаса, ўша атрофдаги фуқароларнинг норозили юзага келади.
Иккинчи тоифадаги ҳолат тадбиркорга “по фигу”...

Эскилар ўғри бўл, ғар бўл–инсофли бўл, дейишади.
Бу ҳам тарбияга чақиришнинг бир тури.
Фақат айримлар бу ўринли мақолга кўпам амал қилавермайди.
Чунки, унда инсоф йўқ, жиғилдон бор.
Айниқса, унга ер берувчилар, ерни ажратувчилар ва ерни эгаллашга рухсат берувчилар “далда” бериб туришса...

Ҳамма биладики, Қўқон шаҳар, Туркистон кўчасидаги марказий тиш поликлиникаси собиқ Иттифоқ давридан то яқин кунларга қадар аҳолига бепул хизмат кўрсатиб келган.
Поликлиника биноси ва унинг олд архитектураси ҳозирга қадар жозибасини йўқотгани йўқ, уни ўзгартиришга эҳтиёж ҳам йўқ.

Аммо шунқордек тезоб, тулкидек уддабурон бир тадбиркор акамиз (балки укамиз ёки дўстимиз) қайсидир йўллар билан ана тиш поликлиникасининг гулзори ва поликлиника олдидаги йўлакка дўкон қуриш учун қайсидир ва қандайдир йўллар билан рухсат олиб, қурилиш ишларини бошлаб юборганлар.
Инсофсизликни қарангки, бу тадбиркор нафақат пиёдалар йўлагини эгаллаб олган, шунингдек, унинг дўкони тўлиқ битиши учун икки туп сосна (арча), икки туп мевали ва бир туп узоқ йиллик манзарали дарахтнинг “баҳридан” ўтишга тўғри келади.

Тадбиркорнинг Президент қўллаяпти деб, Президент уларни елкасидан кўтариб юришни ваъда қилган, деб бунчалар инсофдан, диёнатдан чиқиб кетиш мумкинми?
Зеро, йўлни эгаллаб олиш динда ҳам ҳаром дейилмаганми? Тадбиркорга инсоф ва иймон сўраймиз ва тегишли масъуллар ушбу қурилиш ҳолатига қонуний баҳо беришларига умид қилиб қоламиз.

Ахир индамасак, ҳадеб автомбил қатнов йўлларини ҳам тадбиркорлар сотиб олиб, дўконлар қуриб ташлашмаса эди...
Мухтасар сўзимиз эса шу, инсофдан чиқсанг ҳам, иймондан чиқма!!!

https://t.me/komil_ahmedov