Get Mystery Box with random crypto!

Болам тур… «Док-1 МАКС» дори воситаси сабабли 18 нафар ёш бол | KITOB24

Болам тур…

«Док-1 МАКС» дори воситаси сабабли 18 нафар ёш бола вафот этди. Мазкур шеър билан гўдакларнинг ота-оналари чекаётган изтиробни таржима қилишга уриндим.

Болам, тур ўйинчоқ келтирдим сенга,
Борлиғим, ҳаётим сеники дедим.
Бор йўғи бир-икки йўталганингга
Тезроқ тузалишинг истаган эдим.

Тур болам, улғайсанг кун келиб сенчи,
Катта саҳналарда юришинг керак.
Юртимиз байроғин ҳилпиратгувчи,
Жаҳон чемпиони бўлишинг керак.

«Қўшни хонада ҳам бола ингаси”
17 дўстингни келтиришибди.
Уларга ҳам мендай содда отаси,
Сен ичган доридан ичиришибди.

Йиғлама болажон, ҳаммаси ўтар,
Сен тинчлик посбони, нозир бўласан.
Бунча инқилладинг, гавдангни кўтар…
Нозирмас…камида вазир бўласан.

Сифатсиз эканин билибман қайдан,
Жимжима муҳрлар босилгандику,
Мен қайдан билибман ўша дори ҳам
Доктор қоғозида ёзилгандику.

Ҳа, шундай жим ётгин, опа қарангчи…
Негадир тойчоғим йиғламай қолди.
Хотин, ваҳимани қўйиб турсангчи,
Болам 3 кун йиғлаб ҳолдан ҳам толди.

Хотин, сен йиғлама, юзлари қотиб…
Бегуноҳ фариштадеклар йиғласин.
Сичқонча ишини филдай кўрсатиб,
Минбарда сўзлаган беклар йиғласин.

Болам турсанг бўлди, ишимдан ортиб,
Кўтараман ҳамма инжиқлигингни.
Юзимни тирналаб, сочимдан тортиб
қўйсангчи… соғиндим жужуқлигингни.

Бувинг айтяпти уйғонсанг ҳозир,
Бобонг елкасида олиб юради.
Болам тур, ҳаттоки жаноби вазир
Кўзига ёш олиб узр сўради.

Болам тургин, фақат шунчаки эмас,
Итлар ҳаётига ўлпон бўлиб тур.
Ҳақдан, ҳақиқатдан ўзгани демас,
Усмон бўлиб уйғон, Чўлпон бўлиб тур…

Зойир Йўлдошев

➥#ТАРҚАТИНГ
КИТОБЛИКЛАРГА АЪЗО БЎЛИНГ!
https://t.me/+5L_qUK2TuQ9hZjMy